Баҳорнинг серёғин келиши қишлоқ хўжалиги экинларига қандай таъсир қилади?
Бу қизиқ
−
25 Май
5485Ўзбекистонда март-апрель ва май ойларида ҳар доимгидан кўпроқ ёғингарчилик кузатилмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги экинлари ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Қолаверса, сув захираларини кўпайишига ва йил давомида қишлоқ хўжалиги экинларини парваришида сув тақчиллигига барҳам беришга ёрдам беради. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Билдирилишича, республикадаги мавжуд суғориладиган майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун жорий йил суғориш мавсумида жами 38,2 миллиард куб метр, жумладан, асосий экинларга 30,2 миллиард куб метр ҳамда аҳоли томорқалари ва такрорий экинларга 8,0 миллиард куб метр сув талаб этилиши ҳисоб-китоб қилинган. Шунга асосан баҳор ойларида ёғиб ўтган ёғин миқдори ва республикадаги мавжуд сув омборлардаги сув захиралари, шунингдек, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида жойлашган тоғлардаги қор захираларини ҳисобга олиб, сув етишмовчилигининг 30-35 фоиз қисмини қоплаши кутилмоқда.
"Таъкидлаш ўринлики, ушбу сурункали ёғингарчиликнинг қишлоқ хўжалигимизнинг сабзавот, полиз ва картошкачилигига таъсирининг ижобий томонлари кўп. Жумладан, ёмғир сабзавот, полиз ва картошка ўсимликлари баргларининг чангини ювиб, тозалайди. Бу эса ўсимликнинг нафас олишини яхшилайди ва фотосинтез жараёнини тезлаштиради", дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ўсимликлар ҳаво қуриб, ҳарорат кўтарилганда кучини тежаш жараёнига ўтади. Нафас олувчи тешикчалари устида юпқа плёнка ҳосил қилиб, буғланиш жараёнини секинлаштиради. Ёмғир ёққан даврда ҳаво намлиги ортади ва иссиқ ҳарорат пасаяди, шунда ўсимликларнинг нафас олувчи тешикчалари яна қайта очилади. Натижада ўсимликларда тезкорлик билан озуқа моддаларини сингдиришни бошлайди.
"Ўсимликларга ёмғир томчилари орқали чақмоқ разрядлари ва қуёш нури таъсирида пайдо бўлган кучсиз азот унсурлари сингиб боради. Бу турдаги ташқи озиқлантириш жуда тез ўзлаштирилади.
Ёмғир суви – майин сув, чунки унда қаттиқ тузлар (гидрокарбонат, кальций сульфатлари ва магний хлоридлари) бўлмайди. Майин сувнинг афзаллиги шундаки, у сув ва газ алмашинувига таъсир кўрсатмайди.
Ёмғир сувининг pH даражаси нейтрал сувга яқин бўлади, бу эса ўсимликнинг ҳаётий жараёнларига фойдали таъсир кўрсатади", дейилади хабарда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири боғдорчилик ва узумчиликка ҳам серёғингарчиликнинг салбий таъсирларини кузатиш мумкин. Хусусан, бу йилги об-ҳавонинг барча зарарли организмлар учун, шу жумладан касаллик қўзғатувчи патоген микроорганизмлар ва зараркунандаларнинг ривожланиши учун қулай бўлмоқда. Сурункали ёғингарчилик ҳавонинг нисбий намлигини юқори бўлиши ва ҳаво ҳароратини +20+250С бўлиши касаллик қўзғатувчилар учун мақбул шароит ҳисобланади. Ушбу шароитларда уруғ мевали боғларда ун шудринг, калмараз, қора бактериал рак ва монилиоз касалликлари, данакли мева боғларда эса клястериоспориоз (тешикли доғланиш), монилиоз, ун шудринг, шафтолининг барг бужмайиши каби касалликлар кескин ривожланишига олиб келади.
Мазкур касалликларга қарши дифеноконазол, азоксостробин, пенконазол, тиофонат-метил, пираклостробин + дифеноконазол асосли фунгицидлардан бирини қўллаш фойдали ҳисобланади. Бу серёғин об-ҳавода боғ зараркунандаларнинг ривожланишига шароит бўлиши мумкин. Масалан, уруғ мевали боғларда (олма, нок, беҳи) олма қизил қон шираси, олма яшил шираси, калифорния ва бинафша ранг қалқондорлар, ғилофли ва гирдак куялар, олма мевахўри ва бошқа зараркунандаларни ривожланиши ва тарқалиши кузатилади.
Данак мевали боғларда (ўрик, шафтоли, гилос, олхўри ва бошқалар) зараркунандалар олма ва олхўри қурти, қалқондорлар, ширлар, ўрик ва олча филчаси ва бошқа зараркунандалар ривожланиши мумкин.
Шунингдек, ушбу сурункали ёғингарчилик кўп бўлган вақтларда токзорларда ҳам антракноз, оидиум, милдю, церкоспороз касалликлари катта майдонларда тарқалиб, жиддий зарар етказиши кузатилади. Касалликларга қарши таъсир этувчи моддаси манкотсеб+металаксил, мис сульфати+касугамицин, азокситробин асосли препаратлардан бирини қўллаш тавсия этилади.
Бундан ташқари токзорларда ток зараркунандаларидан узум барг ўровчиси, ток унсимон қурти, комсток қурти каби зараркунандаларнинг ривожланишига қулай шароит яратилади. Зараркунандаларга қарши индоксакарб, тиаклоприд, дельтаметрин асосли препартларни қўллаш тавсия этилади.
Иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов эса жорий йил айни вегетация даврида юқори намгарчилик ва ҳаво ҳароратининг пастроқ келиши қишлоқ хўжалик секторида ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавотларнинг ҳар йилги даврдан кечроқ етилишига олиб келаётганини ёзади.
"Асосан аҳоли даромади аграр соҳага боғланган биз каби мамлакатда кишиларда пул қочиши яъни "илик узилди" даври ҳам одатий мавсумий даврдан сал кейинроқ муддатларга кўчди. Кўплаб йирик шаҳар бозор расталарида савдонинг ҳаддан ташқари қочиб қолганлигидан ҳам буни тушуниш мумкин", дейди олим.
Абдулаҳатов одамларда пул қочиши асосий сабаблари аграр сектордаги баҳорнинг кечроқ келиши билан биргаликда иқтисодий вазият, ойлик даромадлар, реал инфляция каби омиллар ўрни ҳам юқори бўлаётганини айтади.