Azon.uz таъсисчиси Мубашшир Аҳмад Дин ишлари бўйича қўмитадан таҳдид бўлганини айтмоқда
Жамият
−
04 Февраль 2021
16733Аввалроқ Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак (Абдулазиз Раимов) Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев томонидан таҳририятга босим ва таҳдид бўлаётгани туфайли ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзгани ҳақида хабар берилганди. Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий ахборот бериб, таҳририятга босим бўлмаганини маълум қилди.
Қўмитанинг ўзига хос раддиясидан кейин вазият юзасидан Azon.uz портали расмий ахборот берди. Унда портал ҳолатга аралашишни истамагани аммо вазият шуни тақозо қилгани таъкидланган.
“Ҳақиқатда содир бўлган ушбу ҳолат юзасидан Azon.uz порталида хабар бермасликка қарор қилинган эди. Аммо Дин ишлари бўйича қўмитанинг 4 февраль санасида портал бош муҳаррири Абдулазиз Муборакнинг баёнотида келтирилган воқеалар бўлмаганлиги айтиб ўтилган Муносабатини ўқиб, шунингдек, “Azon new media” МЧЖ муассиси Мубашшир Аҳмад домланинг Facebook тармоғида онлайн эфир орқали чиқишларини инобатга олиб қуйидагиларни расман маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Мубашшир Аҳмад домланинг Facebook`даги баёнотидан маълум бўлишича:
1. 2021 йил 3 февраль, куннинг биринчи ярмида Azon.uz портали муассиси Мубашшир Аҳмад домлага Дин ишлари бўйича қўмита ходими томонидан қўнғироқ бўлди (қўнғироқ вақти, давомийлиги сақлаб қўйилган) ва домла билан Қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев гаплашмоқчи экани айтилган.
2. Дилшод Эшнаев Мубашшир Аҳмад домлага Azon.uz портали ва бошқа, Мубашшир Аҳмадга алоқадор бўлмаган, ахборот ресурсларида эълон қилинган мақолалар юзасидан ҳақоратли сўзлар билан таҳдид қилган (телефон суҳбати ёзиб олинган). Бунда Дилшод Эшнаев томонидан Мубашшир Аҳмад домланинг мақолалар билан тўлиқ таниш эмаслиги, масалани ўрганиб, нотўғри маълумот берилгани аниқланса, уни сайтдан ўчирилиши ҳақидаги гаплари ва ўзаро муносабатларда хушмуомала бўлиш кераклиги ҳақидаги насиҳатлари инобатга олинмаган.
“Юқоридагиларни келиб чиқиб, Дин ишлари бўйича қўмитадан Раис ўринбосари Дилшод Эшнаев ҳаракатларига баҳо беришларини ва бу ҳақда жамоатчиликни хабардор қилишларини сўраймиз, зеро ОАВ сифатида фаолият кўрсатувчи ресурс муассиси ва ходимларини ёлғон гапиришда айблаш ўзаро ишончни йўқолишига олиб келиши мумкин”, дейилган расмий маълумотда.
Эслатиб ўтамиз, Azon.uz портали ва Қўмита ўртасидаги можарога Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бу ҳолат бўйича алоҳида баёнот билан чиқди.
Агентлик доимгидек давлат органлари ва оммавий ахборот воситаларини қонунчиликда кўрсатиб ўтилган қоидалар ҳамда ўрнатилган талабларни ҳурмат қилган ҳолда ўзаро муносабатларга киришишга чақирган.
LiveБарчаси