Австрия уч нафар россиялик дипломатни ҳайдади
Олам
−
04 Май 983 2 дақиқа
Австрия ҳукумати уч нафар россиялик дипломатни “персона нон грата” (номақбул шахс) деб эълон қилди. Бу ҳақда ORF телеканали хабар берди. https://orf.at/stories/3428768/
Австрия Ташқи ишлар вазири Беате Майнль-Райзингер уларнинг исмларини очиқламасдан, бу қарорни жосуслик фаолиятига алоқадорлик билан изоҳлаган. Маълумотларга кўра, гап разведка операцияларига бевосита алоқадор бўлган элчихона ходимлари ҳақида бормоқда. Россиянинг Венадаги дипломатик миссияси бу қарорни “ғазабланарли” деб атаган ва ушбу чора элчихона ҳамда Россиянинг ЕХҲТ ҳузуридаги доимий ваколатхонаси ходимларига дахл қилганини билдирган.
Венадаги расмийларнинг фикрича, дипломатик биноларга ўрнатилган кўплаб сунъий йўлдош антенналаирдан Москва кузатув мақсадларида фойдаланмоқда. “Reuters”нинг ёзишича, ушбу антенналар анчадан бери Австрия ички разведкаси эътиборида бўлиб, мутахассислар бу ускуналар “бегона хабарларни тутиб олиш учун” ишлатилаётганидан огоҳлантириб келган.
Бунгача “The Financial Times” газетаси ҳам Россиянинг Венадаги дипломатик объектлари Ғарбдаги энг йирик радиоэлектрон разведка платформасига айлангани ҳақида ёзган. Нашр маълумотларига кўра, Дунайнинг шарқий соҳилидаги 9 гектарлик “Руссенсити” мажмуаси ва унинг марказидаги Россиянинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхонаси биноси асосий объект ҳисобланади.
“The Insider” нашри ҳам аввалроқ Россиянинг Венадаги элчихонаси амалда разведка маркази сифатида ишлатилишини аниқлаган: Райзнерштрасседаги мажмуада Ташқи разведка хизмати, Бош разведка бошқармаси ва Федерал хавфсизлик хизмати билан алоқадор бўлган дипломатик паспортга эга ўнлаб ходимлар фаолият юритади. Объектдан, шунингдек, Европанинг бошқа давлатларидаги операцияларни мувофиқлаштириш учун ҳам фойдаланилади. 2025 йил октябрь ойида Россиянинг Мюнхендаги консуллиги ходимлари чиқариб юборилгандан сўнг, Австрияга келган “ниқобланган журналистлар”нинг шахси ҳам фош этилган.
Венадаги “NomenNescio” гуруҳининг муҳандис-ишқибозлари икки йил давомида мажмуа томларини юқори сифатда суратга олиб, аксарият антенналар Африка ва Европа ўртасида алоқани таъминловчи тўртта геостационар сунъий йўлдошга (Eutelsat 3B, Eutelsat 10B, SES-5 ва Rascom QAF1) йўналтирилганини аниқлаган. Қабул қилувчи мосламалар олдига ўрнатилган махсус насадкалар сигналларни стандарт ускуналарга қараганда анча кенгроқ диапазонларда “қидириш” имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эстония Россиянинг биринчи котибини мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилган эди. Дипломат “Эстония конституцион тузуми ва ҳуқуқий тизимини издан чиқаришга, жамиятда бўлиниш келтириб чиқаришга” алоқадорликда айбланган.
Live
Барчаси