Атамбоев Қўй-Тошдаги тўқнашувларда ўлиши керак эди – Асанов
Олам
−
08 Октябрь 2020
39268Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев ўтган йили Қўй-Тош қишлоғидаги резиденциясида юз берган тартибсизликлар вақтида ўлиши керак бўлган. Бу ҳақда Атамбоевни қўлга олишга бошчилик қилган Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов маълум қилди.
“Ҳукумат берган вазифани бажаришда битта камчиликка йўл қўйдим: мен “хато” қилдим – Атамбоевни тирик қўлга олдим. Бор гап шу. Бошқа ҳеч нарса дейишни хоҳламайман”, деган Асанов.
Шунингдек, Курсан Асанов унда ўзига нисбатан очилган жиноят иши бўйича етарлича маълумот борлигини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 8 август куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Атамбоевнинг резиденциясига кириб, уни қўлга олганди. Қўлга олиш осон кечмаган. Сиёсатчининг тарафдорлари орган ходимларига қаршилик кўрсатиб, уни ҳимоя қилишга уринганди. Тўқнашувларда бир киши ҳалок бўлганди.
Шу воқеадан кейин Курсан Асанов ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. У Ички ишлар вазирининг кўрсатмаларини менсимаслик ва рухсатсиз қарорлар қабул қилишда айбланган.
Жорий йилнинг 23 июнь куни Бишкекнинг Первомай суди Атамбоевга 11 йил қамоқ жазоси тайинлади. У собиқ жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қамоқдан чиқариб юборилиши ва коррупцияда айбланди.
Аммо Қирғизистонда жорий йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловидан кейин бошланган тартибсизликлар вақтида намойишчилар Атамбоевни қамоқхонадан озод қилди. Кейинроқ Алмазбек Атамбоевнинг эҳтиёт чораси қамоқдан уй қамоғига ўзгартирилди.
LiveБарчаси