“75 лар хати”: ИИВ раҳбарининг собиқ ўринбосари айбини тан олмади
Олам
−
25 июн 1861 4 дақиқа
Қирғизистон Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов “75 лар хати” иши бўйича қўзғатилган жиноят ишида айбини тан олмайди. Бу ҳақда унинг адвокати Чинара Жакупбекова маълум қилди.
Адвокатнинг сўзларига кўра, бугун, 25 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Асанов мурожаатга ҳақиқатдан ҳам имзо қўйганини тасдиқлаган, бироқ ҳеч қандай қонунга зид ҳаракат содир этмаганини билдирган.
“Курсан Асанов мурожаатни имзолаганини айтди, аммо ҳеч қандай ноқонуний ҳаракат қилмаганини маълум қилди. Унга қўйилган айбловларни тўлиқ рад этмоқда”, деган адвокат.
Жакупбекованинг маълум қилишича, жорий мажлисда айбланувчиларнинг кўрсатмаларини тинглаш якунланиши ва шундан сўнг суд асосий далилларни ўрганиш босқичига ўтиши керак. Унинг айтишича, асосий гувоҳларнинг кўпчилиги аллақачон сўроқ қилинган, бироқ ҳимоя томони қўшимча гувоҳларни чақириш ҳақида илтимоснома киритиш ниятида. Дастлабки маълумотларга кўра, суд жараёни август ойида якунланиши мумкин.
Аввалроқ адвокатлар ишни очиқ тартибда кўришга эришган ва 15 июндан бошлаб суд мажлислари журналистлар иштирокида ўтказилаётган эди. Бироқ 22 июнь куни прокурорлар жараённи яна ёпиқ тартибда ўтказишни сўради. Бу илтимосномани Қамчибек Ташиев, Нурланбек Турғунбек ўғли, Қурманқул Зулушев ва Эмилбек Узакбаев қўллаб-қувватлаган. Натижада судья Азирет Медеров мажлисларни қайтадан ёпиқ тартибда ўтказишга қарор қилган.
Адвокатлар маълумотига кўра, МХДҚнинг собиқ раиси Қамчибек Ташиев, Жогорку Кенешнинг собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли ва собиқ депутат Қурманқул Зулушевга мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга тайёргарлик кўриш моддалари бўйича айблов қўйилган. Улар мамлакатдан чиқмаслик ҳақида тилхат асосида озодликда юрибди.
Бекболот Талғарбеков, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Эмилбек Узоқбоев, собиқ депутат Қурманбек Дийканбаев, собиқ бош вазир ўринбосари Али Карашев ва Курсан Асановга мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича айблов қўйилган. Уларнинг барчаси қамоқда сақланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга тайёргарлик кўриш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш иши бўйича суд мажлисидан сўнг “75 лар хати” фигурантларидан бири Қурманқул Зулушев Жогорку Кенеш тўрағаси (спикери) Марлен Маматалиевнинг баёнотига изоҳ берганди.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси