Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этиши кутилмоқда — ОАВ
Олам
−
14 Август 2021
21016Афғонистон Президенти Ашраф Ғани яқин вақтлар ички сиёсатдаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан халқига мурожаат қилиши ва мамлакатни тарк этиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Al Mayadeen” телеканали хабар тарқатган.
Телеканал мухбири аниқлик киритишича, Ғани мурожаат билан чиқгач, исталган вақтда мамлакатни тарк этиши мумкин. Бу маълумот расман тасдиқланмаган, аммо рад ҳам этилмаган.
АҚШ Афғонистондаги қуролли операцияни тугатгани ва қўшинларини олиб чиқишни бошлаганидан сўнг, “Толибон” ҳаракати ҳукумат позицияларига қарши ҳужум бошлади. Турли манбаларга кўра, толиблар Афғонистон ҳудудининг 85 фоизигача, жумладан Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадош ҳудудларни назорат қилмоқда.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси