Аш-Шара Озарбайжонга борди
Олам
−
12 Июль 6330 3 дақиқа
Сурия Араб Республикасининг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара бугун, 12 июль куни амалий ташриф билан Озарбайжон Республикасига борди. Бу ҳақда “Azertac” хабар берди.
Икки давлат давлат байроқлари ҳилпираб турган Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортган. Аҳмад аш-Шарани Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ёқуб Айюбов, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фариз Ризоев ва бошқа расмий шахслар кутиб олган.

Бугун, 12 июль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Сурия Араб Республикасининг ўтиш даври президенти Аҳмад Аш-Шара билан кенгайтирилган учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Ҳозирча учрашув тафсилотлари эълон қилинмади.

Қайд этиш жоиз, Сурияда ўтиш даври ҳукумати 2024 йил 9 декабрда, Башар Асад режими қулаганидан сўнг тузилган эди. 2025 йил 29 январда мамлакатнинг энг юқори қонунчилик органи бўлган Халқ кенгаши тарқатиб юборилди ва Вақтинчалик қонунчилик кенгашига сайловлар эълон қилинди. 2025 йил 29 мартда биринчи ўтиш даври ҳукумати ўз фаолиятини якунлади ва унинг ўрнига янги ҳукумат тузилди. Ижро ҳокимиятини тўғридан-тўғри президент бошқарадиган тизим жорий қилинди.
2 февраль куни у Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. 3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Аш-Шаранинг 2-хорижий сафари Туркияга бўлди. Аш-Шара музокаралар чоғида ҳукм сурган ижобий атмосфера учун Эрдўғанга миннатдорлик билдириб, Туркия Президентини энг қисқа вақт ичида Сурияга ташриф буюришга таклиф қилди. Қолаверса, аш-Шара 11 апрель куни ҳам Туркиянинг Анталия шаҳрида Анталия дипломатия форуми доирасида (ADF 2025) Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашган эди.
7 май куни Суриянинг янги муваққат раҳбари ўзининг биринчи Европага ташрифини Франциядан бошлади ва мамлакат Президенти Эммануэль Макрон билан икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказди.
1 июнь куни Аҳмад аш-Шара Қувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг таклифига биноан ушбу давлатда бўлди. Ал-Қувайт шаҳридаги “Ал-Баян” саройида у Амир Шайх Мишъал ас-Сабоҳ билан “икки томонлама муносабатлар ва Суриядаги сўнгги ўзгаришлар”ни муҳокама қилган. Лидерлар, шунингдек, Суриянинг хавфсизлиги, суверенитети, барқарорлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш масалаларини ҳам гаплашган.
Эслатиб ўтамиз, май ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонида аш-Шара билан учрашган эди. Трамп учрашувдан сўнг уни “қаттиққўл инсон” ва “ўтмиши кучли жангчи” деб таърифлади. Трамп, шунингдек, Сурияга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишини эълон қилиб, бунга асос сифатида “мамлакатга имкон бериш зарурати”ни кўрсатган эди.