Ароқчи АҚШга айблов қўйди
Олам
−
22 Июнь 12882 2 дақиқа
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ Эроннинг тинч ядровий иншоотларига ҳужум қилиб, БМТ Низоми ва халқаро қонунларни бузганини таъкидлади. Бу ҳақда у Истанбулда ўтказган матбуот анжуманида сўз очди.
У ҳужумни ғайритабиий деб атади ва бу узоққа чўзилган оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.
“Эрон ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, дейди у.
Унинг сўзларига кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга зарбалари Теҳронни Ғарб билан ядровий масала бўйича музокаралар олиб бориш имкониятидан маҳрум қилди.
Ароқчининг таъкидлашича, бу ҳафтада Эрон “Европа учлиги” (Франция, Буюк Британия, Германия) билан ядровий музокаралар олиб бормоқда, аммо АҚШ бу дипломатик ташаббусни бузишга қарор қилган.
Вазирнинг айтишича, бундай вазиятда Ғарб давлатлари вакиллари унинг мамлакатини музокараларга қайтишга чақирмоқда.
“Лондон, Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Эрон музокаралар столига “қайтиши” керак, деб ҳисоблайди. Лекин биз ҳеч қачон тарк этмаган жойимизга қандай қайтишимиз мумкин, айниқса, бу стол ҳозир вайрон бўлган экан?” деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Америка самолётлари Эрондаги учта ядровий объект – Фордо, Натанз ва Исфахонга зарба берганини маълум қилганди. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти Эрон ҳаво ҳудудини тарк этган. АҚШнинг қилган ишидан сўнг Эрон Исроилга яна зарба берди. Исроил Мудофаа кучлари (IDF) ҳисоб-китобларига кўра, Эрондан жами 20 дан 30 тагача баллистик ракеталар учирилган. Маген Давид Адом миллий тиббий хизмати маълумотларига кўра, қутқарувчилар бутун мамлакат бўйлаб ўндан ортиқ жойларда, жумладан Тель-Авив, Нес-Циона ва Хайфа турар-жойларида ракета ва шрапнел зарбалари ҳақидаги хабарларни қайд этган. Камида 16 киши жароҳатланган. Эрон ҳарбийлари, ўз навбатида, ҳужумлар Тель-Авивдаги Бен Гурион аэропорти, логистика базалари ва турли илмий ҳамда ҳарбий марказларни нишонга олганини даъво қилмоқда.
Live
Барчаси