АҚШ Эронга зарба берди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Америка самолётлари Эрондаги учта ядровий объект – Фордо, Натанз ва Исфахонга зарба берганини маълум қилди. Оқ уй раҳбари тегишли постни кеча, 21 июнь куни Truth Social тармоғида жойлаштирди.

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти Эрон ҳаво ҳудудини тарк этган.

“Биз Эрондаги учта ядровий майдонга – Фордо, Натанз ва Исфахонга жуда муваффақиятли ҳужумни якунладик. Ҳозирда барча самолётлар Эрон ҳаво ҳудудидан ташқарида. Тўлиқ бомба юки асосий жой Фордога ташланди. Барча самолётлар уйларига эсон-омон қайтмоқда. Буюк америкалик жангчиларимизни табриклаймиз. Дунёда буни қила оладиган бошқа армия йўқ. ТИНЧЛИК ВАҚТИ БЎЛДИ!”, деб ёзган Америка раҳбари.

У мазкур ҳужумни Америка Қўшма Штатлари, Исроил ва бутун дунё учун тарихий лаҳза эканини қўшимча қилди. Унинг айтишича, “Эрон энди бу урушни тугатишга рози бўлиши керак”.

“Эроннинг Америка Қўшма Штатларига қарши ҳар қандай қасоси бугун кечқурун бўлгандан-да кўпроқ куч билан қарши олинади”, деди Трамп.

Президент Трамп кейинчалик Америка ҳалқига телевизион мурожаат ҳам йўллади ва “Зарбалар ажойиб ҳарбий муваффақият бўлгани”ни айтди. 

“Эроннинг асосий ядровий бойитиш иншоотлари бутунлай йўқ қилинди”, деди Трамп.

Уч дақиқадан сал кўпроқ давом этган нутқида Трамп Эроннинг келажаги “ёки тинчлик ёки фожиа” бўлишини ва АҚШ ҳарбийлари томонидан зарба берилиши мумкин бўлган бошқа кўплаб нишонлар борлигини айтди.

“Агар тинчлик тезда келмаса, биз аниқлик, тезлик ва маҳорат билан бошқа нишонларга борамиз”, деди у.

CBS News’нинг хабар беришича, кеча, 21 июнь куни АҚШ дипломатик йўл билан Эронга мурожаат қилиб, зарбалар АҚШнинг барча режалари эканини ва у режимни ўзгартиришни мақсад қилмаганлигини айтган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий аввалроқ “Американинг ҳар қандай аралашуви минтақада умумий уруш учун рецепт бўлишига” ишонч билдирган эди.

Эроннинг Қум провинцияси инқирозга қарши департаменти вакилининг сўзларига кўра, “Фордо ядровий иншооти ҳудудининг бир қисми ҳаво ҳужумига учраган”.

Эрон давлат телевидениеси сиёсий директори ўринбосари Ҳасан Абедини жонли эфирда Эрон учта ядровий объектни “бирмунча вақт олдин” эвакуация қилганини айтди. Абединининг сўзларига кўра, Эрон “жиддий зарар кўрмаган, чунки материаллар аллақачон олиб ташланган”.

“Reuters” агентлигининг ёзишича, АҚШнинг B-2 бомбардимончи самолётлари Эрон ядро объектларига зарба беришда фойдаланилган.

Аввалроқ “The New York Times”, “The Wall Street Journal”, “The Washington Post” ва “Reuters” АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг B-2 яширин бомбардимончи самолётлари Миссури штатидаги Уайтмен ҳарбий-ҳаво кучлари базасидан ҳавога кўтарилгани ва, эҳтимол, Тинч океанининг ғарбий қисмидаги Гуам оролидаги Андерсон ҳарбий-ҳаво кучлари базасига йўл олгани ҳақида хабар берган эди.

“The Washington Post” газетасининг таъкидлашича, сўз юритилаётган самолёт Stealth Bomber бўлиб, у 13,6 тонна оғирликдаги GBU-57 бошқариладиган бункер бомбасини олиб юриши мумкин бўлган самолётлар бўлиб, 61 метргача чуқур кўмилган ва қотиб қолган бункерларга, жумладан, Фордодаги уранни бойитиш заводига ҳам ҳужум қила олади.

“Fox News” маълумотларига кўра, Фордога ҳужумда олтита бункер бомбалари ишлатилган, бошқа объектларда эса 30 та Tomahawk қанотли ракеталари учирилган.

Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга қарши ҳарбий операция бошлаб, ядровий иншоотлар, ҳарбий базалар ва Эрон армияси ходимларига зарба берди. Исроил расмийлари ўз ҳужумларини Теҳроннинг ядровий қурол яратишга хавфли ёндашуви билан изоҳлади. Эрон атом бомбаси яратиш айбловларини рад этди ва Исроилга юзлаб учувчисиз учоқлар ва баллистик ракеталарни учириш билан жавоб берди.

Ўшандан бери зарбалар алмашинуви давом этмоқда, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ЦАХАЛ ҳужумлари Эрон ядровий дастурини йиллар орқага сурганини даъво қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг