Ароқчи АҚШ билан кескинлик фонида Туркияга боради

Олам

image

Эроннинг АҚШ  ва Исроил билан зиддиятлари давом этаётган бир пайтда, эртага, 30 январь куни Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Туркияга ташриф буюради. У Анқарада туркиялик мавқедоши Ҳоқон Фидан билан Эрондаги сўнгги воқеалар ҳамда Қўшма Штатлар билан юзага келган кескинликларни муҳокама қилади. Бу ҳақда бугун, 29 январь куни Туркия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, “Yeni Şafak” хабар берди.

Маълумотларга кўра, икки вазир учрашувида Ҳоқон Фидан Аббос Ароқчига Туркия Эрондаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини, Эроннинг хавфсизлиги, тинчлиги ва барқарорлиги Анқара учун “катта аҳамиятга эга” эканини етказади. Шунингдек, Туркия Эронга қарши ҳар қандай ҳарбий ҳужумга қатъий қарши эканини яна бир бор таъкидлаб, бундай қадам “глобал миқёсда жиддий хавф туғдириши” мумкинлигидан огоҳлантиради.
 
Ароқчи АҚШ билан зиддиятларни бартараф этишда Туркиянинг қўллаб-қувватлаши муҳим эканини билдиради. Фидан эса Туркия Эроннинг ядровий дастури бўйича масалани имкон қадар тезроқ тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини ва зарур бўлса, бу жараёнда воситачилик қилишга тайёрлигини қайд этади.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 28 январь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронни музокара столига ўтиришга ва ядровий қурол бўйича келишувга эришишга чақирган эди. Акс ҳолда, АҚШнинг кейинги зарбалари янада кескин бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Трамп, шунингдек, Яқин Шарққа “армада” юборилганини маълум қилиб, Теҳронни ҳукуматга қарши намойишчиларни ўлдиришда ва ядровий дастурни қайта тиклашга уринишда айблаган.

Бунга жавобан, Теҳрон АҚШ, Исроил ва уларни қўллаб-қувватловчи давлатларга қарши зарба бериш билан таҳдид қилган. Эрон расмийлари мамлакатда 1979 йилги инқилобдан буён кузатилаётган энг йирик нотинчликлар ортида Исроил ва АҚШ турганини иддао қилмоқда.

Эрон билан чегарадош НАТО аъзоси бўлган Туркия эса қўшни давлат ишларига ҳар қандай хорижий аралашувга қарши эканини билдирган ҳамда Вашингтонни Эрон билан боғлиқ масалаларни “яккама-якка” музокаралар орқали ҳал этишга чақирган. Анқара, шунингдек, Эрондаги беқарорлик ҳозирги шароитда бутун минтақа учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Трампнинг шартига жавоб қайтаргани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия Эрон Анқара Ароқчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг