Арманистон Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олиш имкониятини кўриб чиқмоқда

Олам

image

Мавжуд ҳарбий вазият билан боғлиқ ҳолда, Арманистон ҳукумати Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу орқали Ереван минтақада узоқ муддатли барқарорликни ўрнатишни мақсад қилган. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян бугун, 30 сентябрь куни рус оммавий ахборот воситалари билан ўтказилган матбуот анжумани пайтида айтиб ўтди. 

Бош вазир Арманистоннинг мақсади минтақада узоқ муддатли тинчликни ўрнатиш эканлигини қўшимча қилди. "Бизнинг мақсадимиз – минтақада узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш. Биз бу вазият икки-уч йилдан кейин яна такрорланишини истамаймиз (Тоғли Қорабоғ можароси минтақасидаги ҳарбий ҳаракатлар – таҳр.). Аммо Арманистон ҳеч қачон ўзининг миллий манфаатлари ва Тоғли Қорабоғ манфаатларига зиён етказмайди”, дейди у.  Аввалроқ,  Арманистоннинг Москвадаги элчиси Вардан Тоғанян Арманистон Тоғли Қорабоғнинг "хавфсизлик кафолати" эканлигини таъкидлаган эди. 

Пашиняннинг сўзларига кўра, Арманистон ўз хавфсизлигини Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти иштирокида ёки усиз ҳам таъминлайди. 

“КХШТ иштироки бўйича мунозара – сиёсий масала. Биз ташкилотдаги шерикларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз, мавжуд вазият тўғрисида хабар берамиз. Бироқ, Арманистон КХШТ иштирокида ёки иштирокисиз ўз хавфсизлигини ҳимоя қилишга тайёр", деди у.  

КХШТга кўра можаронинг кучайиши муносабати билан Арманистон ушбу ташкилотга ҳали мурожаат қилмаган. Ташкилот муаммо тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори. 

Пашинян, шунингдек, Арманистон 9 октябрь куни Ереванда Евроосиё иқтисодий иттифоқи Ҳукуматлараро кенгашининг мажлисини ўтказишга тайёрлигини айтди. 

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари кеча, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Айни вақтда аксарият мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар икки тарафдан ўт очишни зудлик билан тўхтатиб, музокаралар столига қайтишни сўрамоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон Тоғли Қорабоғ Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

203

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг