Арманистон мактабларида рус тили асосий фанлар рўйхатидан чиқарилди
Олам
−
07 Сентябрь
2327Арманистонда янги ўқув йилидан бошлаб рус тили умумтаълим мактабларида ўқитиш учун зарур бўлган тиллар рўйхатидан чиқариб ташланди. Бу ҳақда “Sputnik” хабар берди.
Қайд этилишича, Арманистонда 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб мактаблар учун янги давлат таълим стандартлари кучга кирди. Ёзда Арманистон Таълим, фан, маданият ва спорт вазирлиги барча мактабларга чет тилларини ўргатиш бўйича циркуляр юборган.
“Давлат стандартида рус тили ҳали ҳам ўрганиш учун биринчи ва мажбурий чет тили бўлиб қолмоқда. Циркулярда ҳамма нарса бошқача: таълим муассасаларининг бир қатор синфлари учун рус тили асосий (мажбурий) мақомидан чет тили (ихтиёрий) мақомига ўтди. Шу билан бирга, ҳар бир чет тилига ҳафтасига 2 соат ажратилган”, дейилади хабарда.
Яъни, рус тили мустақил фан сифатида фақат 4, 9-синфларда (ҳафтасига уч соат), 11 ва 12-синфларда (ҳафтасига икки соат) ўргатилади. 2, 3, 5, 6, 7, 8 ва 10-синф ўқувчилари учун “Рус тили” деган алоҳида фан йўқ. “Хорижий тил 1” ва “Хорижий тил 2” бор.
Россиялик мутахассислар циркулярдаги таҳрирлардан хавотир билдирди. Улар бу йил бўлмаса, кейинги йилларда рус тилига ажратиладиган соатлар янада қисқартирилиб, мактаб ўқув дастуридан бутунлай чиқариб ташланади, деб ҳисобламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ янги ўқув йилидан Мўғулистоннинг кўплаб мактабларида асосий хорижий тил сифатида рус тили ўрнини инглиз тили эгаллаши ҳақида маълум қилинганди.
LiveБарчаси