Арманистон КХШТдан бутунлай чиқади, агар...
Олам
−
12 Март
12627Агар КХШТ Ереван томонидан берилган саволларга жавоб бермаса, Арманистон ташкилотдан чиқади. Бу ҳақда бугун, 12 март куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян матбуот анжуманида маълум қилди.
“Биз аслида КХШТдаги иштирокимизни музлатиб қўйдик ва йиғилишларда қатнашмаяпмиз. Биз фақат битта саволга жавоб кутамиз: ташкилотнинг Арманистондаги масъулият соҳаси нима. Барча муаммолар Ереван бу масалани кўтарган пайтдан бошланди. Агар КХШТ Арманистонда ташкилот масъулият зонаси қаерда деган саволга жавоб берса ва бу жавоб Арманистоннинг қарашларига тўғри келса, биз ўртамиздаги масала ҳал бўлган деб ҳисоблаймиз. Акс ҳолда, Арманистон КХШТдан чиқади. Қачон? Айта олмайман”, дейди Пашинян.
Кремл воизи Дмитрий Песков эса Россия Федерацияси Арманистондан россиялик чегарачиларнинг Ереван аэропортидаги ишини тўхтатиш тўғрисида идоравий билдиришнома олганини маълум қилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса Ереваннинг КХШТ тадбирларидаги иштироки динамикаси пасайганини, бу "дўст арман халқи манфаатларига жавоб бермаслиги"ни таъкидлади. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Москва Еревандан мажбуриятларни бажариш ва қўшма интеграция тузилмаларида, жумладан КХШТда иштирок этиш бўйича жавоб олишга умид қилмоқда. Шу билан бирга, Ереваннинг Россия Федерацияси билан яқинлашиш бўйича дастлаб қабул қилинган курснинг хато бўлгани ҳақидаги баёнотлари икки томонлама муносабатларни жиддий қайта кўриб чиқишга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Пашинян 23 февраль куни Арманистоннинг КХШТдаги иштироки музлатилганини эълон қилганди. Арманистон Бош вазирининг сўзларига кўра, Коллектив хавфсизлик шартномаси Ереванга нисбатан, айниқса, 2021-2022 йилларда ўз вазифасини амалга оширилмаган ва мамлакат буни эътибордан четда қолдиролмайди. Шу муносабат билан Арманистоннинг келишувдаги иштироки тўхтатилди. КХШТ котибиятининг маълум қилишича, ташкилот Арманистон иштирокининг тўхтатилгани тўғрисида билдиришнома олмаган. Котибият гап ташкилот тадбирларида қатнашмаслик ҳақида кетаётганини тан олди. Арманистон парламенти спикери Ален Симонян мамлакат Европа Иттифоқи билан муносабатларни чуқурлаштиришга ва ЕИ аъзолигига номзод бўлишга тайёр эканини айтганди.
LiveБарчаси