Қарийб 500 миллионлик ”Арқадағ” Бердимуҳамедовнинг туғилган куни учун яхши совға бўлди

Олам

image

Кеча, 29 июнь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўзининг туғилган кунида Ашхободнинг жанубида жойлашган ”Арқадағ” меҳмонхонасининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда TDH давлат ахборот агентлиги хабар берди.

”Арқадағ” ёки ўзбек тилида ҳомий — Президент Бердимуҳамедовнинг расмий унвони.

Хабарга кўра, меҳмонхонада давлат раҳбарини мамлакат Бош вазири ўринбосарлари, Халқ Маслаҳати, Миллий Мажлис Кенгаши, вазирликлар, ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, Ашхобод ҳокими, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари кутиб олган.

Меҳмонхонанинг очилиш маросамида Бердимуҳаммедовга “композициялар” деб номланган зарҳал ҳайкалчалар совға қилинган. 14 қаватли замонавий меҳмонхона ярим доира шаклида қурилган ва у юқоридан қараганда тақага ўхшайди.

Хабарга кўра, “Bouygues Batiment International” компанияси раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни меҳмонхона бўйлаб экскурсия қилдирган. Мажмуанинг “диққатга сазовор жойи” — бу унинг ҳудудидан оқиб ўтадиган сунъий дарё, шунингдек, оқ уй шаклида қурилган ошхона биноси.

Бундан ташқари, бинонинг 13-қаватида панорамали “Мекан” ресторани жойлашган. Шунингдек, меҳмонхона мажмуасида бир нечта ресторан, чойхона, интернет-кафе, бассейн ва СПА зонаси, болалар ҳамда спорт майдончалари мавжуд.

Қайд этилишича, меҳмонхона апрель ойида фойдаланишга топширилиши керак эди. Унинг қурилиши тахминан 448 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркманистон Гурбангули Ашхобод Бердимуҳамедов ”Арқадағ”

Баҳолаганлар

523

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг