Арипов ИҲТ саммитида Ўзбекистоннинг Фаластин бўйича таклифини очиқлади

Жамият

Ўзбекистон Фаластин халқи билан бирдамлигини тасдиқлайди ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ Фаластиннинг ўз мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Ар-Риёдда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигасининг навбатдан ташқари қўшма саммитида айтиб ўтди.

“Зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятни кенг миқёсда издан чиқаришига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилишига сабаб бўлиши муқаррар. Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин. Энг хавфлиси ва ачинарлиси, ушбу можаро динлар, цвилизациялар ва маданиятлар ўртасида асло йўл қўйиб бўлмайдиган зиддиятларга олиб келиши мумкин”, деган Абдулла Арипов.

Шунингдек, у Ўзбекистон бу борада тегишли дипломатик чоралар кўраётганини, Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, БМТнинг Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) орқали Ғазо сектори аҳолисига моддий ёрдам кўрсатилганини қўшимча қилган. 

“Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро платформаларда ушбу фожиани тўхтатишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз. Жорий йилнинг 27 октябрь куни 120 та давлат билан биргаликда БМТ Бош Ассамблеясининг Ғазо секторида ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирган  махсус резолюциясини ёқлаб овоз бердик. Мазкур масалани куни кеча Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида, аввалроқ эса Туркий Давлатлар Ташкилоти олий даражадаги йиғилишида ҳам муҳокама қилдик”, деган Ўзбекистон Бош вазири.

Арипов томонларни гуманитар мақсадларда зудлик билан кенг қамровли муросага келишга, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ва можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирган. Шунингдек, у Ўзбекситон Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва унга аъзо давлатлар доирасида ушбу муаммони ҳал қилишга қаратилган конструктив ташаббуслар ва дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган. 

“Мусулмон умматининг тинчлиги, фаровон турмуши ва равнақи йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларимизда Аллоҳнинг Ўзи мададкор бўлсин. Эътиборингиз учун раҳмат”, дея хулоса қилган Абдулла Арипов.

Маълумот учун, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд томонидан ташкиллаштирилган мазкур саммитда кўплаб давлатлар раҳбарлари, хусусан, Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Сурия Президенти Башар Асад, Иордания Қироли Абдулла II, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров каби раҳбарлар қатнашди. Ўзбекистон делагациясига эса Бош вазир Абдулла Арипов бошчилик қилди.

Эслатиб ўтамиз, қўшма саммитда сўзлаган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлатини яратиш тарафдори эканини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Абдулла Арипов Фаластин Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ар-Риёд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made