Тожикистон пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлати қурилиши тарафдори
Олам
−
12 Ноябрь 2023
5781Тожикистон пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлатини яратиш тарафдори, Ғазо секторидаги тинч аҳоли нишонларига қилинган ҳужумларни қоралайди ва можаро томонларини музокара столига ўтиришга чақиради. Бу ҳақда Ар-Риёдда бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти қўшма саммитида сўзлаган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон маълум қилди.
“Тожикистон 1967 йилдаги чегараларда пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлати ташкил этилишини қўллаб-қувватлайди. Бу Фаластин халқи халқаро муносабатларнинг умумэътироф этилган тамойиллари асосида жаҳон ҳамжамиятининг мустақил субъекти сифатида ўзининг асосий миллий ҳуқуқини амалга оширишнинг ягона йўлидир”, деган Раҳмон.
У Ғазо секторидаги вазият бўйича саммит чақирилишини қўллаб-қувватлашини билдириб, шунингдек, Тожикистон ушбу ҳудудда минглаб тинч аҳоли, жумладан, болалар ва аёлларнинг ўлимига, кўп сонли одамларнинг яраланиши ва ҳаётий муҳим инфратузилманинг вайрон бўлишига сабаб бўлган фуқаролик объектларига қилинган ҳужумни кескин қоралашини таъкидлади.
"Бугунги вазият Фаластин муаммоси ҳарбий ечимга эга эмаслигини яна бир бор исботлайди. Можаронинг бошиданоқ мамлакатимиз томонларни зўравонликни тўхтатишга ва вазиятни барқарорлаштириш учун музокара столига ўтиришга чақирди", дейди у.
Шунингдек, Президент Имомали Раҳмон БМТ Бош Ассамблеясининг 1947 йилда қабул қилинган “Фаластин ерларида иккита мустақил давлат тузиш тўғрисида”ги резолюциясини ҳам эслатган.
“Бугунгача Фаластин халқининг ўз давлатини яратиш ҳақидаги орзу ва интилишлари амалга ошмай қолмоқда. Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, мамлакатларимиз ва халқаро ҳамжамият Бош Ассамблея ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларини амалга ошириш учун саъй-ҳаракатларни амалга ошириши зарур”, дейди у.
Тожикистон раҳбари Ислом ҳамкорлик ташкилотини Ғазо секторидаги можарога барҳам бериш учун бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга чақирган.
“Ўзининг замонавий тарихида бузғунчи фуқаролар урушини бошидан кечирган Тожикистон тинчликпарвар қадамлар ва барча жаҳон муаммолари ва можароларини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори”, дея хулоса қилган Имомали Раҳмон.
Маълумот учун, Саудия Арабистони пойтахтида Фаластиннинг илтимосига биноан Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари қўшма саммити чақирилди. Унинг мақсади Яқин Шарқдаги можаро бўйича араб ва ислом давлатларининг умумий позициясини ишлаб чиқишдан иборат.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь