Ар-Риёд аэропортига яна ҳужум қилинди. Қурбон бор
Олам
−
12:38 1923 2 дақиқа
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд халқаро аэропортига кеча, 11 октябрь куни яна ҳужум уюштирилди. Оқибатда 1 киши ҳалок бўлди, яна 11 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция кучлари маълум қилишича, аэропортнинг 4-терминалига номаълум снаряд келиб тушиши оқибатида ёнғин чиққан. Шунингдек, мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Подшоҳ Холид халқаро аэропорти яқинида қанотли ракетани тутиб қолган.
Кейинчалик Саудия Арабистонининг Шарқий вилоятида дрон уриб туширилгани, Хамис-Мушайт шаҳри томон учирилган баллистик ракета ҳам ҳавода йўқ қилингани маълум бўлган. Мамлакат жанубидаги Абҳа шаҳрида ҳам фавқулодда огоҳлантириш эълон қилинган. Бироқ кўп ўтмай хавф бартараф этилган.
Бу Ар-Риёд аэропортига бир кун ичида иккинчи ҳужум бўлган. Жорий йилнинг 10 октябрь куни уюштирилган аввалги ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, 300 дан ортиқ одам жароҳатланган эди. Саудия расмийларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар мамлакат фуқароси бўлган, қолганлари хорижликлардир. Ўша ҳужумдан кейин аэропорт фаолияти тўхтатилган ва 11 октябрь куни ҳам ёпиқ қолган.
Ямандаги ҳусийлар ҳаракатининг ҳарбий вакили Яҳё Сари 11 октябрь куни телевидение орқали қилган чиқишида 10 октябрь кунги ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. Шунингдек, у Саудия Арабистонининг Шарқий вилоятидаги Даммам халқаро аэропортига ва Saudi Aramco нефть компаниясининг иккита объектига ҳам зарба берилганини айтган.
Саудия Арабистони фуқаро авиацияси идораси Даммамдаги Подшоҳ Фаҳд халқаро аэропортига ҳужум қилинганини тасдиқлаган. Ҳозирда аэропорт иншоотларига етказилган зарар баҳоланмоқда ва хавфсизлик текширувлари олиб борилмоқда.
“Reuters“ билан суҳбатлашган гувоҳнинг айтишича, 11 октябрь куни кечқурун аэропортдаги самолётлар яқинига снаряд тушиб, ёнғин чиққан. Шундан сўнг, самолёт терминалга қайтарилган, йўловчилар туширилиб, аэропортни тарк этишлари сўралган. Парвозларни кузатиш хизмати маълумотларига кўра, Даммам аэропортида айрим рейслар кечиктирилган ёки бекор қилинган.
Ҳусийлар Саудия Арабистонини Ямандаги ҳарбий амалиётлари учун ҳам огоҳлантирган. Ҳаракат вакиллари сўнгги 24 соат ичида Саудия Арабистони Яман ҳудудига 124 та ҳаво зарбаси берганини даъво қилган.
“Саудия душмани Яманга қарши тажовуз ва аралашувини тўхтатмаса, бундан ҳам ёмон воқеалар юз беради”, дейилади ҳусийлар назоратидаги Яман Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонида ҳусийлар томонидан амалга оширилгани айтилган икки ҳужум оқибатида 3 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 36 киши жароҳатланганди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь