Аэропортлар ва вокзалларда бепул хизматлар жорий этилиши мумкин

Local

−

image

Ўзбекистон аэропортлари ва вокзалларида йўловчилар учун бепул хизматлар жорий этилиши мумкин. Ўзбекистондаги халқаро аэропортлар, йирик темирйўл вокзаллари ва автовокзалларда йўловчилар учун бир қатор қўшимча бепул хизматларни йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Темир йўл, ҳаво ва автомобиль транспортида маҳаллий йўловчи ташувларини ўзаро уйғунликда комплекс ривожлантириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳасида назарда тутилган.

Ҳужжатда 2027 йил 1 июлдан бошлаб чипта эгаларига багажни жўнаб кетишдан олдин ва манзилга етиб келганидан кейин 24 соатгача бепул сақлаш имкониятини яратиш белгиланган. Ушбу хизмат транспорт объектларида босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳада йўловчилар учун бепул интернетдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган. Хусусан, уларга камида бир соат давомида Wi-Fi тармоғига бепул уланиш имконияти берилиши таклиф қилинмоқда. Такси буюртма қилиш жараёнини ҳам соддалаштириш режалаштирилган.

Бунинг учун аэропорт ва вокзалларга махсус электрон терминаллар ўрнатилиши мумкин. Йўловчилар ушбу қурилмалар орқали манзилни кўрсатиб, сафар нархини олдиндан билиши ва расмий таксига буюртма бериши мумкин бўлади.

Терминаллардан фойдаланишда SIM-карта ёки мобил интернет керак бўлмайди. Такси буюртмаси расмийлаштирилгандан кейин йўловчига QR-код туширилган чек берилади. Чора-тадбирлар дастурида йирик транспорт объектларида Wi-Fi тармоғининг сифати ва барқарорлиги ҳозирча етарли эмаслиги қайд этилган. Шунингдек, электрон терминаллар орқали расмий такси буюртма қилиш ва бу жараёнда QR-кодли чек бериш тизими ҳали жорий этилмаган. Чипта эгалари учун багажни бепул сақлаш хизмати ҳам ягона тартибда ташкил қилинмаган.

Ушбу чора-тадбирлар йўловчиларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш ва улар учун қўшимча қулайликлар яратишни кўзда тутади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends