Қозоғистонда самолёт қулади. Айбдор қушларми ёки дронлар?
Таҳлил
−
26 Декабрь
665626 декабрь Озарбайжонда мотам куни. Мотам кеча, 25 декабрда Озарбайжон ҳаво йўллари компаниясининг Бакудан Грознийга учган Embraer 190 самолёти Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида ҳалокатга учрагани ва 38 киши қурбон бўлгани ортидан мамлакат Президенти Илҳом Алиевнинг тегишли фармони билан эълон қилинди.
Аслида 25 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг асосий эътибори Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига қаратилиши кутилганди. Чунки у ерда МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Бироқ Ақтауда содир бўлган бу ҳалокат эътибор марказини Россиядан Қозоғистонга кўчирди. Келинг, воқеалар кетма-кетлигини бир бошдан кўриб чиқамиз. 25 декабрь куни 62 йўловчи ва 5 экипаж аъзоси бўлган Embraer 190 самолёти маҳаллий вақт билан соат 7:49 да Бакудан Грознийга йўл олган. Бироқ самолёт Чеченистон пойтахтига яқинлашаётганда, тахминан соат 8:20 да кутилмаганда ортига бурилиб, рейс учун муқобил аэродромлардан бири бўлган Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри томон уча бошлаган.
Остона вақти билан соат 10:35 да ҳаво кемаси бошқарув тизимидаги носозлик туфайли авария сигналини берган. Бир неча дақиқадан сўнг экипаж Ақтауга фавқулодда қўнишни сўраган, бироқ самолёт қутқарувчилар ва шифокорлар уларни кутиб турган чизиққа етиб бора олмаган.
Бир неча километр узоқликда, соат 11:28 да самолёт қулаб тушган, шундан сўнг унинг ёқилғи бакларидаги керосин буғлари портлаган. Самолётнинг олд қисми бутунлай вайрон бўлган ва ёниб кетган, орқа қисми бир неча ўнлаб метрларга учиб кетган. Айрим йўловчилар самолётни ўзлари тарк этган ва ҳатто жароҳатланганларга ундан чиқишга ёрдам беришган. Тез орада воқеа жойига қутқарувчилар ва шифокорлар етиб борган. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар хизматининг 430 дан ортиқ ходими ва 80 га яқин техник воситаси жалб этилган.
Озарбайжон ҳаво йўллари самолёт бортидаги 67 кишининг рўйхатини эълон қилди, улардан 42 нафари Озарбайжон, 16 нафари Россия, 6 нафари Қозоғистон, 3 нафари Қирғизистон фуқаролари бўлган. Бутун экипаж аъзолари эса Озарбайжон фуқароларидан иборат эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, самолёт қулаши оқибатида 38 киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида 15 нафар Озарбайжон, 9 нафар Россия, 2 нафар Қирғизистон фуқароси бор, яна 3 кишининг фуқаролиги ҳозирча аниқланмаган. Самолёт қулашида ҳалок бўлганларнинг жасадлари қаттиқ куйгани учун ҳам шахсни аниқлашнинг алоҳида жараёни кутилмоқда. 29 киши, жумладан, уч нафар бола шифохонага ётқизилган.
Қозоғистонда авиаҳалокат қурбонларининг яқинлари учун ишонч телефони очилди. Ақтау аҳолиси офат қурбонлари учун оммавий равишда қон топширишни бошлади. Бир рейс кечиктирилганини ҳисобга олмаганда Ақтау аэропорти ҳалокатга қарамай, одатдагидек ишлашда давом этмоқда.
Қулаган самолётнинг ўзи ҳақида гапирадиган бўлсак, у 2013 йилда ишлаб чиқарилган. Самолёт жами 9 949 марта қўнган ва умумий учиш вақти 15 257,22 соатни ташкил этади. Охирги тўлиқ техник кўрик 2024 йил 18 октябрда ўтказилган бўлиб, ундан бери самолёт 671 соат учган.
Самолёт капитани Игорь Кшнякин ҳам катта тажрибага эга бўлиб, умумий ҳисобда 15 000 соатдан ортиқ – шундан 11 200 соатни капитан сифатида парвоз қилган.
Юқорида айтилганидек, 25 декабрь куни Санкт-Петербургда МДҲга аъзо давлатлар давлат раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам қатнашиши керак эди. Бироқ Президент Ақтаудаги авиаҳалокатдан хабар топгач, Россия ҳаво ҳудудига кирган самолётини ярим йўлдан ортга Бакуга қайтаришга қарор қилди. Алиев самолётда тегишли давлат муассасаларига авария сабабларини ўрганиш ва тезкор чоралар кўриш бўйича зарур топшириқлар берди.
У Путинга ҳам қўнғироқ қилди ва саммитда иштирок эта олмаслигини билдирди. Етакчилар бир-бирига ҳамдардлик изҳор этди. Шунингдек, бир кун олдин Илҳом Алиевни туғилган куни билан қутлаган бошқа давлат раҳбарлари ҳам Озарбайжон Президентига таъзия билдирди.
Озарбайжон Бош прокуратураси томонидан Озарбайжон Республикаси Жиноят кодексининг 262.3-моддаси (Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 314.3-моддаси (бепарволик) билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 345-моддаси (автотранспорт воситасини бошқаришда хавфсизлик қоидаларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига олиб келиши) бўйича жиноий иш қўзғатди. Шунингдек, Россия Федерацияси Тергов қўмитаси Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 263-моддаси (ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноий иш қўзғатди.
Бакуга қайтган Президент Илҳом Алиев воқеа юзасидан Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда йиғилиш ўтказди. Йиғилишда сўзга чиққан давлат раҳбари Бош вазир билан гаплашгани, унинг раҳбарлигида комиссия тузилгани, айни вақтда Озарбайжон вакилларидан иборат делегация авария юз берган Ақтау шаҳрига жўнатилгани ва тез орада Озарбайжон шифокорлари бригадаларини Ақтау шаҳрига жўнатиш бўйича қўшимча кўрсатма берилганини билдирди.
“Менга берилган маълумотларга кўра, Баку-Грозний йўналишида ҳаракатланаётган AZAL компаниясига тегишли самолёт ноқулай об-ҳаво туфайли йўналишини ўзгартириб, Ақтау аэропорти томон уча бошлаган ва қўниш вақтида авария содир бўлган. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда самолёт ҳалокатга учраган тасвирлар бор. Шунинг учун ҳамма буни кўриши мумкин. Бироқ авария сабаблари бизга маълум эмас. Турли хил версиялар мавжуд. Менимча, бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Масала тўлиқ текширилиши керак. Бош прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган ва, албатта, Озарбайжон жамоатчилиги комиссия ишининг натижалари ва жиноят ишининг бориши ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиб борилади.
Бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлганлар ва уларнинг яқинлари дардидан азият чеккан, ҳалок бўлганларга Аллоҳдан раҳмат, жабрланганларга шифо, ҳалок бўлганларнинг яқинларига сабр ва ҳамдардлик тилайман. Раҳмат”, деди Озарбайжон Президенти.
Эшитганингиздек, Илҳом Алиев ҳалокат қандай содир бўлгани ҳақида турли версиялар мавжудлигини айтди. Келинг, шу версияларни кўриб чиқамиз. Улар орасида қушлар галаси билан тўқнашув, самолёт бортидаги кислород бакининг портлаши ёки техник носозлик бор.
Чеченистон пойтахти аэропортининг маълум қилишича, Бакудан Грознийга учган рейс туман туфайли Махачқалъага, у ердан эса, афтидан, Ақтауга йўналтирилган. Бироқ об-ҳаво маълумотларига кўра, 25 декабрь куни эрталаб Грозний ҳудуди фақат булутли бўлиши керак эди.
Шунинг учун ҳам ОАВда ҳаво бандаргоҳининг ёпилиши бошқа сабаб билан боғлиқ бўлиши мумкин деган версия пайдо бўлмоқда – гап Шимолий Кавказда Украина Қуролли кучларининг самолёт типидаги дронлари томонидан ҳужум уюштирилгани ва “Ковер” операцион режаси жорий этилгани ҳақида кетмоқда.
Кейинроқ Шимолий Осетия раҳбари Сергей Меняйло ҳарбийларга таяниб, учувчисиз самолётлардан бири эрталаб соат 8:28 да ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилганини маълум қилди. “Alania Mall” савдо марказига дрон қолдиқлари қулаб тушиши оқибатида ёнғин келиб чиққан ва бир аёл ҳалок бўлган.
“Грозний осмони доимо бизнинг ҳимоямиз остида. Ҳушёрлик устувор вазифа эканини бугунги кун яна бир карра кўрсатди. “Ҳаммаси назорат остида”, деди Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби Ҳамзат Қодиров 25 декабрь куни Грознийга ҳам дрон ҳужум қилганини тасдиқлаб.
Айни пайтда ҳалокатдан омон қолган Embraer 190 йўловчилари бир неча портлашларни эшитиб, ҳис қилганини, шундан сўнг нафас олишлари қийинлашганини айтмоқда.
Фалокат жойида олинган самолёт корпусининг фотосуратларига кўра, унинг қуйруқ қисмида жуда кўп тешиклар бор. Уларнинг пайдо бўлишининг сабаби ҳали аниқланмаган - бу, масалан, лайнернинг ташқарисида ёки ичида портлаш оқибатида ҳосил бўлган бўлиши мумкин.
Самолёт бортида бўлган 48 ёшли йўловчи Субҳонқул Раҳимовнинг айтишича, самолёт 2-3 марта қўнишга уринган, аммо қўнишга муваффақ бўлмаган. Кейин у ва бошқа йўловчилар портлаш овозини эшитган, бироқ нима портлагани ва қаерда бўлгани номаълум. Шундан сўнг самолёт бошқа йўналишда уча бошлади.
“Учувчига раҳмат, агар у бўлмаганида, биз ҳаммамиз ўлган бўлардик”, деди йўловчи.
Раҳимовнинг айтишича, кислород ниқоблари тушиб кетганда уларда кислород деярли йўқ эди. У орқа ўриндиққа ўтган ва бошқа ниқоб олган. Субҳонқул Раҳимов Екатеринбургда яшайди, у Баку орқали трансфер қилиб Грознийга иш юзасидан учаётган эди.
ORDA нашрининг воқеа гувоҳларига таяниб ёзишича, Озарбайжон ҳаво йўллари самолёти экипажи Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри аэропорти яқинида ҳалокатга учрагунга қадар самолётни тураржой ҳудудидан бошқа томонга йўналтирган.
“Экипаж ажойиб эди, улар самолётни олиб кетишга муваффақ бўлишди. Акс ҳолда қурбонлар кўпроқ бўлиши мумкин эди”, дейди нашр суҳбатдошлари.
Ҳалокат жойи яқинида Сайин қишлоғи жойлашган. 2009 йил ҳолатида у ерда 1,3 минг киши истиқомат қилган.
Воқеа гувоҳларининг ORDA’га маълум қилишича, двигателга қуш келиб урилган, кислород баки портлаган ва одамлар ҳушини йўқота бошлаган. Манғистау вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳам самолёт бортида баллон портлагани ҳақида хабар берди.
Хуллас, тахминлар кўп. Унинг қайси бири ҳақиқат эканини тергов юзага чиқаради. Кеча кечқурун ҳалокат содир бўлган жойда қора қути ҳам топилди ва бу ҳам тергов ишига ёрдам беради. QALAMPIR.UZ воқеалар ривожини ёритишда давом этади.
LiveБарчаси