“Аннексия ва референдумлар театри”. Дунё етакчилари Путиннинг қарори ҳақида нима деяпти?

Олам

image

Европа Иттифоқи давлатлари, НАТО, “Катта еттилик” ва дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари Россиянинг Украинанинг тўртта ҳудудини аннексия қилганини, Президент Владимир Путин кеча, 30 сентябрь куни имзолаган “шартнома”ни кескин қоралади. Жаҳон етакчилари Украинанинг аннексия қилинган Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларини Россия Федерациясининг бир қисми сифатида тан олиш ниятида эмасликларини билдирдилар, шунингдек, бир қатор давлатлар Москвага қарши янги санкциялар эълон қилишга ҳам улгурди.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари “аннексия ва сохта референдумлар театри”ни қоралади

Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россия Украинанинг тўрт вилоятини аннексия қилганини “БМТ Низомини қўпол равишда бузиш” деб атади.

“Аннексия ва сохта референдумлар театри” бу “ярим йилдан бери кўраётган нарсамиз – шафқатсиз зўравонлик билан кечаётган ер эгаллаб олинишини тасаввур қилиб бўлмайдиган усуллар билан” яширишга уринишдир”, дейди Бербок.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари дунёнинг бирорта давлати бунга рози бўлмаслигини урғулади.

АҚШ “Украина ҳудудларини аннексия қилишга қаратилган фирибгарликни” қоралади

АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Швейцария, Исроил, Жанубий Корея, Молдова ва бошқа давлатлар ҳам Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларини Россия Федерациясининг қисми сифатида тан олиш ниятида эмаслигини эълон қилди.

“АҚШ Россиянинг Украина ҳудудини аннексия қилишга бўлган фирибгарлик ҳаракатини қоралайди. Россия халқаро ҳуқуқни бузмоқда, БМТ Низомини бузмоқда ва тинчликсевар халқларга нисбатан нафратини намойиш этмоқда”, дейилади Оқ уй баёнотида.

Путин Украина ҳудудларини Россия Федерациясига “қўшиб олиш” тўғрисидаги фармонни имзолаганидан сўнг, АҚШ ва Буюк Британия Москвага қарши янги санкциялар киритилишини эълон қилди. Бошқалар қаторида Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина Вашингтон ва Лондоннинг санкция рўйхатига киритилди. Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг рафиқаси ва қизи ҳам АҚШнинг жазо чоралари остида қолди.

G7 аннексия ва қурол ёрдамида ўтказиладиган “референдумлар”ни тан олмайди

“Катта еттилик” (G7) мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ҳам Россиянинг Украина ҳудудларини аннексия қилишини ва “қурол остида ўтказилган” сохта “референдумлар”ни ҳеч қачон тан олмаслигини билдирди.

“Биз Донецк, Луганск, Херсон, Запорожье вилоятлари ва Қрим Украинанинг ажралмас қисми эканлигини яна бир бор таъкидлаймиз”, дейилади уларнинг қўшма баёнотида.

Катта еттилик мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари Россияга нисбатан кейинги иқтисодий санкциялар қўлланилишидан огоҳлантирган.

ЕИ: Кремлнинг ядровий таҳдидлари ва сафарбарлиги бизнинг қароримизни ўзгартирмайди

Европа Иттифоқи ҳам худди шундай позицияни эгаллади.

“Биз ноқонуний “референдумлар”ни ёки уларнинг сохталаштирилган ва ноқонуний натижаларини ҳеч қачон тан олмаймиз. Ушбу қарорлар қонуний кучга эга эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибати йўқ. Қрим, Херсон, Запорожье, Донецк ва Луганск Украинадир”, дейилади Европа кенгаши баёнотида.

Европа Иттифоқи “қатъий Украина ва унинг халқи томонида”, деб таъкидлади Европа кенгаши.

“Кремлнинг ядро таҳдидлари, ҳарбий сафарбарлик ва Украина ҳудудини Россия деб нотўғри кўрсатиш ва ҳозир уруш Россия ҳудудида олиб борилиши мумкинлиги ҳақидаги даъво стратегияси бизнинг қароримизни ўзгартирмайди”, дейилади баёнотда.

НАТО эса Украина ўз ҳудудини босқиндан озод қилишга ҳақли эканини, шунинг учун альянс уни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

108

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг