Анқарадаги терактдан сўнг Туркия Ироқда ҳаво ҳужумини бошлади
Олам
−
02 Октябрь 2023
7176Анқарадаги Ички ишлар вазирлигини нишонга олган худкушлик ҳужумидан бир неча соат ўтиб Туркия Ироқ шимолидаги Курдистон ишчилар партияси (КИП)га қарши ҳаво ҳужумларини бошлади. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Туркия расмийларига кўра, КИПнинг 20 та объектига зарба берилган. Мудофаа вазирлиги КИП ғорлари, бункерлари ва қурол омборлари нишонга олинганини маълум қилди.
Вазирлик баёнотида айтилишича, зарбалардан КИП ва бошқа террор унсурларини зарарсизлантириш, Ироқ шимолидан турк аҳолиси ва ҳуқуқ-тартибот идораларига қарши террор ҳужумларининг олдини олиш, чегара хавфсизлигини таъминлаш мақсад қилинган.
Курдларнинг “Rudaw” ахборот агентлигининг хабар беришича, зарба Ироқ шимолидаги Қандил тоғ тизмасида, Эрон билан чегарага яқин жойга берилган. Қандил тоғлари бориш қийин бўлган ҳудуд бўлиб, узоқ вақтдан бери КИПнинг таянч нуқталаридан бири бўлиб келган.
Маълумот учун, Туркияда фаолияти тақиқланган Курдистон ишчилар партияси 1978 йилда тузилган. Ташкилот Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқида террорчи сифатида тан олинган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни тонгда Анқарадаги Туркия Ички ишлар вазирлигининг Хавфсизлик бош бошқармасида теракт содир этишга уриниш бўлди. Икки эркак машинада бино олдига борган. Улардан бири ўзини портлатиб юборган, иккинчи террорчи отиб ўлдирилган.
Шундан сўнг, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатнинг тинчлик ва хавфсизлигини бузишга уринаётган террористлар ҳеч қачон мақсадларига эриша олмаслигини айтиб чиқди. Курдистон ишчилар партияси террорчи ташкилоти мазкур теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь