Андижонда газчи пора билан ушланди
3-саҳифа
−
13 июл 2381 1 дақиқа
Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида газ таъминоти корхонаси ходими фуқародан 3 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Олтинкўл тумани бўлими, “Ҳудудгаз Андижон” комплаенс хизмати ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Олтинкўлтумангаз” газчиси Ҳ.И. ушланган.
Аниқланишича, у фуқаро Ф.П. га хонадонида табиий газдан қарздорлик бўлмаса-да, газ ҳисоблагичининг носозлиги сабаб, гўёки 8 миллион сўм қарздорлик юзага келганини айтган. Шунингдек, далолатнома расмийлаштирмасдан ушбу қарздорликни йўқ қилиб бериш эвазига 3 миллион сўм талаб қилган.
Газ таъминоти корхонаси ходими 3 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Ургут тумани прокурорининг ўринбосари жами ҳисобда қарийб 24 000 АҚШ доллари миқдоридаги пора билан қўлга тушган эди.
Live
Барчаси