Андижонда ҳам 12 нафар бола заҳарлангани маълум бўлди
3-саҳифа
−
22 Сентябрь 2023
7151Андижон вилоятида ҳам 12 нафар бола заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 22 сентябрь куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига бориб, токсикология бўлимидаги 12 нафар болалар билан учрашган.
Унда дори воситасининг ножўя таъсири оқибатида мазкур шифохонага келган барча ота-оналар ва болалар билан суҳбатлашган.
“Ҳозирда болаларнинг умумий ҳолати яхшиланмоқда. Шифокорларнинг аниқ маълумот беришларича, беморларда жиддий ёки ҳаёт учун хавфли бўлган ҳеч бир ҳолат мавжуд эмас. Уларнинг аксари саломатлиги қониқарли ҳолга келиб, уйларига қайтмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, кеча, 21 сентябрь куни Чуст туманидаги мактабгача таълим ташкилотларининг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилган. 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар туфайли болаларнинг 9 нафари соғломлаштирилиб, уйига қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилганди.
Наманганда содир бўлган воқеа ортидан Соғлиқни савлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг кўрсатмаси билан Мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилди.