Америкалик қўшиқчи грузияликлардан узр сўради
Маданият-санъат
−
17 Август 2023
5256Американинг “The Killers” гуруҳи солисти Брэндон Флауэрс Грузиянинг Батуми шаҳридаги концертида мухлисларнинг “русофобияси” сабаб кутилмаган вазиятга дуч келди. У ижтимоий тармоқ орқали мухлисларидан узр сўрашга мажбур бўлди.
Гап шундаки, Грузиянинг “Black Sea” аренасида бўлиб ўтган концерт давомида солист “For Reasons Unknown” қўшиғини ижро этишдан аввал, барабан чалиш учун россиялик мухлисни саҳнага таклиф қилган. Шундан сўнг, кутилмаганда грузияликлар ёппасига тадбирни тарк эта бошлаган.
“Биз бу давлатнинг одоб-ахлоқ қоидаларини билмаймиз. Тўғри, бу йигит рус, аммо у сизнинг укангиз эмасми? Биз мамлакатларимиз чегараларига кўра ажралиб турамизми? Мен ҳам Америкадан келганман, унда мен ҳам укангиз эмасманми?”, деди Брэндон мухлисларига қарата.
Кейинчалик эса қўшиқчи ўзининг Х даги саҳифасида грузиялик муҳлисларидан узр сўради.
“Грузиянинг яхши одамлари, биз ҳеч кимни хафа қилмоқчи эмасмиз! Бизда одамларни ноғора чалишга таклиф қилиш анъанаси бор. Англашилмовчилик учун узр сўраймиз. Биз сиз билан биргамиз ва тез орада қайтишга умид қиламиз”, деб ёзди Флауэрс.
Маълумот учун, 2008 йил бошида Россия-Грузия муносабатларида жиддий ёмонлашув кузатилди. Грузия-осетин можароси ҳудудидаги вазият июль ойининг охири – август ойининг бошида кескинлаша бошлади. 7 августдан 8 августга ўтар кечаси Грузия Жанубий Осетия пойтахтини ўққа тутиб, исёнкор минтақа устидан назорат ўрнатишни бошлаганида, олдинги кескинликларнинг чўққисига айланган кенг кўламли қуролли тўқнашув бошланди. 8 август куни тушдан кейин Россия Президенти можаро зонасига қўшинлар киритилиши бошланганини эълон қилди.
Бир неча кун ичида рус қўшинлари Жанубий Осетия қуролли тузилмалари билан биргаликда Грузия қўшинларини Жанубий Осетиядан қувиб чиқардилар.
Уруш муҳим геосиёсий, иқтисодий ва бошқа оқибатларга олиб келди. Шундай қилиб, 26 август куни Россия Жанубий Осетия ва Абхазияни мустақил давлат сифатида расман тан олди. 2 сентябрь куни Грузия Россия билан дипломатик алоқаларини узди. Грузиянинг НАТОга кириш жараёни секинлашди.