Америкадаги 500 ўзбекистонликдан Президентга мактуб келди
Жамият
−
17:14 2405 2 дақиқа
АҚШ ва Канадада яшаётган 500 нафар ўзбекистонлик Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаб, Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи юксалаётганини алоҳида эътироф этди.
Мурожаатда сўнгги йилларда давлатнинг очиқлиги, хориждаги ватандошлар билан муносабат мутлақо янги босқичга кўтарилгани, улар билан мулоқот қилиш, фикрини эшитиш ва ватан билан алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётгани қайд этилган.
Айниқса, Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларининг янги босқичга кўтарилаётгани ватандошларда катта умид уйғотаётгани таъкидланган. Улар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Дональд Трамп билан бўлажак бевосита ва ишончли мулоқоти, олий даражадаги учрашувлар, шунингдек, АҚШ ҳукумати, Конгресси ва ишбилармон доиралари билан кенгайиб бораётган ҳамкорлик Ўзбекистон учун янги имкониятлар очишига ишонч билдирган.
“Сиз олиб бораётган сиёсат бизга нафақат янги имкониятлар яратмоқда, балки зиммамизга катта масъулият ҳам юкламоқда. Биз хорижда яшаётган ватандошлар Ўзбекистоннинг муносиб вакиллари бўлишимиз, Ватанимизнинг ҳақиқий қиёфасини кенг жамоатчиликка етказишимиз керак”, дейилади мурожаатда.
Ватандошлар америкалик тадбиркор ва инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш, янги технологиялар, билим ва тажрибаларни Ватанга олиб бориш, таълимий ва маданий алоқаларни кучайтиришга ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирган.
Мурожаатда яна бир муҳим фикр алоҳида урғуланган:
“Ватаннинг обрўси – бизнинг обрўйимиз. Ўзбекистоннинг ютуғи – бизнинг ютуғимиз. Ўзбекистон байроғининг дунё майдонида баланд кўтарилиши – ҳар бир ватандошимиз учун фахр ва ифтихордир”.
Мактуб якунида ватандошлар Президент Шавкат Мирзиёевни ва Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклаб, мамлакат тинчлиги, халқ фаровонлиги ва Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги ислоҳотларга муваффақият тилаган.
Мурожаат “Vatan Global Alliance” жамияти раиси Озод Солиев, Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Малаков ва Муҳаббат Шамаева, Ватан Филадельфия жамияти раиси Саидулло Аҳмедов, Ватан Нью-Йорк жамияти раиси Бахтиёр Қодиров ҳамда Америкада яшаётган 500 нафар ватандош номидан йўлланган.
Live
Барчаси