Америкада исломофобияга жой йўқ – Жо Байден 

Олам

image

Бугун, 15 март куни АҚШ Президенти Жо Байден икки йил аввал БМТ томонидан таъсис этилган Халқаро исломофобияга қарши кураш куни муносабати билан баёнот берди.

АҚШ Президенти шу куни Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги Ал-Нур масжиди ва Линвуд ислом марказида қуролли шахс диндорларга ўқ узгани, ҳужум оқибатида 51 киши ҳалок бўлгани ва 40 киши яраланганини эслатди.

"Бугун, Халқаро исломофобияга қарши кураш кунида биз тинч намоз пайтида биздан ўғирланган бу бегуноҳ руҳларни эслаймиз", дейди Байден.

Президент “дунё бўйлаб мусулмонлар диний эътиқодлари туфайли тез-тез нафрат ва зўравонликка дуч келганини”, ҳозир эса “Ғазо секторидаги воқеалар туфайли исломофобиянинг қайта урчиши” кузатилаётганини таъкидлади.

“Мен буни кўп марта айтганман: мамлакатимизда исломофобияга ўрин йўқ”, дейди Жо Байден. 

Президент Қўшма Штатларда диний тафовутларга асосланган нафрат ҳали ҳам мавжуд бўлганлиги сабабли 2022 йилда унинг маъмурияти антисемитизм, исломофобия ва шунга ўхшаш тарафкашлик ва камситиш шаклларига қарши курашиш учун идоралараро сиёсат қўмитасини тузганини таъкидлади. 

Бундан ташқари, Байден “АҚШ тарихида биринчи бўлган” исломофобия ва “бир-бирига қарама-қаршилик ва камситишнинг боғлиқ шакллари”га қарши кураш бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқиш жараёнида эканини айтди. Президентнинг сўзларига кўра, стратегиядан бутун жамиятни мусулмонлар, сикхлар, жанубий осиёлик ва араб-америкалик жамоаларга нисбатан нафрат, камситиш ва тарафкашликнинг барча шаклларига қарши туришга сафарбар қилиш ҳамда уларнинг мероси ва мамлакатга қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида хабардорликни ошириш мақсад қилинган. 

“Бугунги кунда миллионлаб одамлар Рамазон ойини нишонлаётган бир пайтда, АҚШ расмийлари масжидлар ва бошқа ибодат жойлари хавфсизлигини кучайтириш устида ишламоқда”, деб таъкидлайди Жо Байден.

Шунингдек, Президент баёнотида Оқ уй маъмурияти жамиятда антисемитизм кайфиятининг жиддий кучайиши фонида унга қарши кураш бўйича Миллий стратегияни амалга оширишда давом этаётгани айтилган.

“Содда қилиб айтганда, биз Американинг барча америкаликлар учун берган ваъдасини амалга ошириш учун аниқ қадамлар ташламоқдамиз: “Биз ҳаммамиз тенг яратилганмиз ва ҳаётимиз давомида тенг муносабатда бўлишга лойиқмиз”, дея қўшимча қилди АҚШ Президенти.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг