Алонсо янги клуб билан музокараларни бошлади
Спорт
−
13 Январь 2054 2 дақиқа
Испаниялик мураббий Хаби Алонсо “Реал Мадрид”ни тарк этганидан сўнг янги клубни бошқариш бўйича таклиф олди. Бу ҳақда “Fichajes” нашри хабар берди.
Манбага кўра, Лондоннинг “Тоттенхэм” клуби аллақачон Алонсо билан алоқага чиқиб, унга Англияда ишлаш таклифини билдирган. Клуб раҳбарияти жамоадаги вазиятни яхшилаш учун шошилинч ташқи ёрдам зарур, деб ҳисобламоқда. Хабарларга кўра, ҳозирги натижалар тезкор қарор қабул қилишни талаб этмоқда ва Алонсо номзоди “Тоттенхэм” бошқарув кенгаши аъзолари орасида якдил қўллаб-қувватланмоқда. Унинг Англия чемпионати ҳақидаги билими ва кийиниш хонасида қатъий талаблар асосида иш олиб бориш қобилияти “Сантьяго Бернабеу”даги сўнгги қийинчиликларга қарамасдан, юқори баҳоланмоқда.
Нашрга кўра, томонлар ўртасидаги музокаралар ижобий руҳда кечмоқда. Ҳар икки томон ҳам басклик мутахассис билан доимий шартнома тузишдан манфаатдор. Алонсо жамоа натижаларини қисқа вақт ичида яхшилаш ва клуб учун омадсиз кечаётган мавсумни сақлаб қолиш вазифаси билан келиши кутилмоқда.
Маълумот учун, айни пайтда “шпорлар” Англия Премьер-лигасида 27 очко билан 14-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа жорий мавсум давомида 11 та ўйинда ғалаба қозонган, 12 та учрашувда эса мағлуб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 январь куни “Реал Мадрид” Хаби Алонсо истеъфога чиққанини ҳамда унинг ўрнига Альваро Арбелоа бош мураббий этиб тайинланганини расман эълон қилган эди. Хаби Алонсо жамоани 2025 йил ёзидан буён бошқариб келган. Унинг раҳбарлигида “қироллик клуби” барча мусобақаларда 34 та учрашув ўтказиб, 24 тасида ғалаба қозонган, 4 та ўйинни дуранг билан якунлаган ва 6 та баҳсда мағлуб бўлган.