Алмазбек Атамбоевга қарши яна бир жиноий иш судга юборилди
Олам
−
21 Октябрь 2020
12703Қирғизистон Республикасининг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев ва парламент собиқ депутати ва Бош вазир Асқарбек Шодиевга қарши коррупция, жиноий даромадларни ўзлаштириш ва ноқонуний бойлик орттириш бўйича жиноий иш судга юборилди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Прокуратура идоралараро тергов гуруҳи терговни якунлагани айтилган. Жиноий иш Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг "Коррупция" ва "Жиноий даромадларни ўзлаштириш" моддалари билан қўзғатилган.
Хусусан, жиноий иш Бишкек иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш жараёнида давлатга 5 миллиард 439 миллион 527 минг 482 сом миқдорида зарар етказилган коррупциявий ҳолатни ўз ичига олади.
Маълум қилинган айбловлар:
• жиноий фаолият орқали 225 миллион сом миқдоридаги пулларни ўзлаштириш ва 323 704 минг 287 сом миқдоридаги кўчар ва кўчмас мулк, турли компаниялар акцияларини ва бошқа моддий бойликларига эга бўлиш билан ноқонуний мол-мулк йиғиш;
• Жалолобод вилояти, Чотқол туманидаги 17-блок, "Жанубий" ҳудуддаги Терексой сурма кони билан биргаликда қўшимча ғамлаб қўйилган умумий суммаси 8 миллиард 255 миллион 145 минг 455 сом бўлган 7 231 тонна сурма, 265 килограм олтин ва 4 246 тонна кумушни ноқонуний ўзлаштириш.
Алмазбек Атамбоев, Асқарбек Шодиев ва бошқа шахсларнинг жиноий ҳаракатлари натижасида давлатга 13 миллиард 694 миллион 673 минг 937 сом миқдорда зарар етган.
“Ҳозирда тергов органлари томонидан Атамбоев ва унга яқин бўлган шахсларнинг жиноий йўллар билан, шу жумладан чет давлатлар ҳудудида қўлга киритилган бошқа мол-мулкини излаш ва аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда”, дейилади Бош прокуратура хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 июнь куни Бишкекнинг Первомай тумани суди Атамбоевга 11 йил қамоқ жазоси тайинлади. У собиқ жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қамоқдан чиқариб юборилиши ва коррупцияда айбланганди.
Аммо Қирғизистонда жорий йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловидан кейин бошланган тартибсизликлар вақтида намойишчилар Атамбоевни қамоқхонадан озод қилди. Кейинроқ Алмазбек Атамбоевнинг эҳтиёт чораси қамоқдан уй қамоғига ўзгартирилди.
Бироқ орадан кўп ўтмай, 10 октябрь куни Атамбоев Бишкекда намойишлар уюштиришда айбланиб, яна ҳибсга олинди. Сўнгги бор у ҳибсхонадан адвокати орқали баёнот берганди.
Фаррух Муродқулов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь