Алламжоновнинг ходимлари оқланди
Жамият
−
21 Февраль
9337Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга суиқасддан сўнг жамоат тартибини бузганлик айбловига кўра 15 суткага қамоққа олинган етти нафар фуқаронинг иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида иш кўриб чиқилди ва суд қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Билдирилишича, бугун, 21 февраль куни Олий судда тафтиш тартибида кўрилаётган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланган Б. Ёқубов ва бошқалар (жами 7 киши)га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш бўйича суд жараёни якунланиб, суд қарори эълон қилинган.
Эълон қилинган суд қарорига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли, Б. Ёқубов, С. Сиддиков, А. Қурбонмуродов, А. Тошов, А. Салимов, Ж. Турғунов ва Х. Зуфаровга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилиниб, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси (Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 1-бандига асосан тугатилди.
“Иш юзасидан суриштирув ҳаракатларини олиб боришда ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далилларни тўплаш чораларини кўрмаган ИИБ ходимига нисбатан Ички ишлар вазирлигига, шунингдек ишни судда кўриб чиқишда ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далиллар етарли эмаслигига эътибор бермаган судьяларга нисбатан Судьялар малака ҳайъатига хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилди”, дейди Олий суд воизи.
Эслатиб ўтамиз, 13 январь куни соат 9:30 да Комил Алламжоновга суиқасддан сўнг жамоат тартибини бузганлик айбловига кўра 15 суткага қамоққа олинган етти нафар фуқаронинг иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида очиқ суд мажлиси ўтказиши хабар қилинганди. Бироқ суд мажлиси 23 январь кунига қолдирилди. 2024 йил 26 октябрда маъмурий жавобгарликка тортилган етти нафар фуқаронинг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Давронбек Саидов Комил Алламжонов ходимларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилганини айтганди.
LiveБарчаси