Алламжоновга қасд қилганлар жазосини олди

3-саҳифа

Бугун, 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга оид жиноят иши доирасида 10 нафар шахсга нисбатан суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Президент хавфсизлик хизмати собиқ ходими Шуҳрат Расуловга 23 йил, Жавлон Юнусовга 18 йил 6 ой, собиқ ИИБ ходими Дониёр Тошхўжаевга 7 йил, Шоҳрух Аҳмедовга 23 йил, Исмоил Жаҳонгировга 23 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қолган 5 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари берилган. Уларнинг шахси эса очиқланмаган.

Келинг, энди суиқасдда алоқадорлиги аниқланиб, қамалган шахсларга алоҳида-алоҳида тўхталамиз.

Исмоил Жаҳонгиров ва Шоҳрух Аҳмедовлар Алламжоновга суиқасддан бир кун ўтиб, суиқасдни ўз бўйинларига олиб видеомурожаат билан чиққан икки йигит. Даставвал ижтимоий тармоқларда тарқалган уларнинг мурожаати жиддий қабул қилинмаганди. Аммо суд ҳукмидан аниқ бўлишича, уларнинг Алламжонов ишига алоқадорлиги тасдиқланган.

Улар ўз видеомурожаатларида уларни Ойбек исмли шахс ёллангани ва алдаганини очиқлаганди. Лекин уларни ёллаган Ойбек ким, бу аниқ эмас.

Шоҳрух Аҳмедов эса шу кунга қадар Рамзан Қодиров шахси билан боғланиб келмоқда. Чунки у Алламжоновга суиқасддан 3 йил олдин, яъни 2021 йилда Туркияда бошқа бир суиқасдда, айнан Рамзан Қодировнинг душманларига қилинган суиқасдда айбланиб қамалиб чиққан.

Агар Алламжонов ишини зимдан кузатиб бораётган бўлсангиз, унда Жавлон Юнусов шахси ҳам сизга яхши таниш. Ўзбекистондаги кўплаб компаниялар эгаси Жавлон Юнусов суиқасднинг бош-қоши сифатида таърифланиб келмоқда.

Бир муддат аввал у Интерпол томонидан қидирувга берилиб, Жанубий Корея Республикасида қўлга олинган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди.

23 йилга озодликдан маҳрум қилинган Шуҳрат Расулов юқорида айтилганидек, суиқасдга довур юқори лавозимда фаолият юритган. У Президент давлат хавфсизлик хизматининг хавфсизлик бошқармаси собиқ раҳбари эди. У Комил Алламжоновга суиқасднинг асосий ташкилотчиси сифатида қўлга олинганди.

Дониёр Тошхўжаев полковник. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган. 2020 йил январидан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига бошлиқ этиб тайинланган. 

Тошхўжаев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида 2023 йил августдан буён ишлаб келаётган эди. У Алламжонов ишида терговнинг холис ўтишига тўсқинлик қилишда айбланган.

Тошхўжаевга прокурор томонидан 9 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўралаётгани ҳақида Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов бир кун олдин хабар берганди.

Мазкур воқеаларнинг, қамалганларнинг барчаси ҳақида Комил Алламжонов ўз муносабатини билдиришни ҳам унутмади. Унинг ёзишича, “Ҳақиқат букила-букила, эгила-эгила барибир юзага чиққан”.

“Катта ойим раҳматлик ҳар доим дуо қилганларида, ўт балосидан, сув балосидан, қуруқ туҳматдан Аллоҳнинг ўзи асрасин дердилар. Ўтган 5 ой ичида ўзимдан ўтгани фақат ўзимга, оиламга, энг яқинларимга аён. Ҳақиқат эгилганда эгилиб, букилгандаям икки букилиб барибир синмади, у барибир юзага чиқди. Юзага чиқади ҳам.

Аллоҳга минг шукур. Бандасидан қочганлар Яратгандан қочолмайди. Ҳали олдинда қиладиган ишлар, яна кўп синовли кунлар бор. Илоҳим, буларнинг ҳаммасидан ёруғ юз билан ўтиш насиб қилсин!” 

Шунингдек, у постига ўзининг доимий шиорини қўшимча қилишни унутмаган.

“Аллоҳ ҳаммамизнинг омадимизни берсин”.

Маълумот учун, 26 октябрь куни соат 01:40 ларда ичида Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжонов бўлган Range Rover русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган. Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

Президент Администрацияси мулозими даражасидаги одамга суиқасд Ўзбекистоннинг яқин 25-30 йиллик тарихида кўзга кўринмаган, қулоқ билан эшитилмаган ҳолат бўлди. Бу иш кўпчиликда хавотир ҳам уйғотди. Куни кеча, 2019 йилдан бери Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси сифатида ишлаб келаётган, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Ҳалимжонович Атхамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Темур Акрамович Собиров, Давлат хавфсизлик хизматининг Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган полковник Алижон Ғаниевич Ашуров, Ўзбекистон Бош вазирининг ёрдамчиси – Бош вазир қабулхонасининг мудири вазифасида ишлаб келаётган Сарвар Ғаниевич Ашуровларнинг лавозимидан озод қилиниши айнан собиқ администрация мулозими Комил Алламжоновга нисбатан уюштирилган суиқасд ва бу ишнинг тергови билан боғланмоқда. Албатта, юқорида номини санаганимиз қудратли курсилардан олинган шахсларнинг нима учун ишдан олингани ҳақида аниқ гап айтилганича йўқ. Қолаверса, бу ишлар Алламжонов билан боғлиқми йўқми деган саволга аниқ ва расмий жавоб берилмади. Аммо Алламжонов воқеасига оид шу вақтгача тарқалаётган норасмий хабарлар секин-аста ўз тасдиғини топмоқда.

Шунингдек, ОАВда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лига ҳам суиқасд қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қилинган суиқасддан кўп ўтмай содир бўлган бу воқеа ҳам Алламжоновга дахлдорлиги айтилмоқда. 

Суиқасдни амалга оширганликда айбланиб, икки россиялик чечен фуқароси Ўзбекистон томонидан Интерпол қидирувига берилди.  Булар:

  • Бислан Расаев 1988 йил 26 май куни Россияда туғилган. Аввалроқ у Украина ҳудудида қуролли тўқнашув қилганликда айбланган.

  • Шамил Темурхонов 1993 йил 10 август куни Россияда туғилган. Бўйи 1 м 90 см. Вазни 90 кг.

Қидирувга берилган ҳар икки эркак тоифаси қизил бўлиб, ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Аммо куни кеча Бислан Расаев исми Интерпол қидирувидаги шахслар рўйхатидан ғойиб бўлди. Бу катта эҳтимол билан унинг қўлга олингани ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини англатади. Аммо Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги QALAMPIR.UZ’га бу маълумотларни ҳали тасдиқламади. Вазирлик воизининг маълум қилишича, бунда бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин.

Мазкур воқеалар фонида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров баёнот билан чиқиб, суиқасдга учрагани айтилган шахслар Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига очиқчасига таҳдид ҳам қилганди. 

“Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига қурбонлар ролини ўйнамасликни тавсия қиламан. Нимани режалаштираётган бўлсангиз, ўз вақтида тўхтатганингиз маъқул, акс ҳолда сиз барча интригалар, туҳматлар ва тахминлар учун жавоб беришингиз керак бўлади. Ва энди мен анъаналаримизга кўра жавоб ҳақида гапиряпман”, дея таҳдид қилган Рамзан Қодиров.

Бундан ташқари, Алламжонов бошқа томондан ўзига суиқасдда айбланиб, жазоланган ходимларини ҳимоя қилишга ўтган. Суд томонидан маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган Алламжоновнинг 7 нафар ходимлари ҳозирда қайта аппеляция берган. Аммо уларнинг 13 январь куни бошланган суди номаълум сабабларга кўра тўхтаб қолди. Ходимларни ҳимоя қилаётган Алламжоновнинг адвокатининг айтишича, судга ташқи томондан босимлар бўлган бўлиши мумкин.

Бироқ ҳозирча бу босимларни кимлар қилаётгани аниқ-тиниқ айтилмаяпти. Нима ҳам деймиз, Алламжонов иши борган сари кескин тус олмоқда. QALAMPIR.UZ билан воқеалар ривожини кузатишда давом этинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов Азиз Обидов Бислан Расаев Шамил Темурхонов Алламжоновга суиқасд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг