Алиев Мирзиёевни табриклади

Жамият

image

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни мамлакатда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови муваффақиятли ўтгани билан табриклади. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

“Қардош Ўзбекистон тарихида илк бор аралаш сайлов тизимида ўтказилган ушбу овоз бериш мамлакатингизнинг демократик давлат қурилиши тамойилларига содиқлигини яна бир бор яққол намоён этди. Овоз бериш натижалари халқингизнинг сиз қатъий қарор қилган сиёсий йўналишга ишончини, Ўзбекистонни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги хизматларингизни чинакам қўллаб-қувватлаётганининг ифодасидир. Янги таркибда иш бошлайдиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятига муваффақиятлар тилайман”, дейилади табрикда.

Маълумот учун, Қонунчилик палатаси сайловлари илк марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилди.

Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган матбуот анжуманида комиссия раиси Зайниддин Низомхўжаев Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловида яна Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ғолиб бўлганини маълум қилганди. Унга кўра, парламент сайловида 15 млн 27 минг 529 нафар сайловчи иштирок этган бўлиб, бу умумий сайловчиларнинг 74, 72 фоизини ташкил қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Илҳом Алиев сайлов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг