Алиев Арманистонни Озарбайжон меросини йўқ қилишда айблади

Олам

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакат аҳолисининг Арманистондан депортация қилинишига халқаро баҳо берилишини талаб қилди ва қўшни давлатнинг ҳаракатларини “инсониятга қарши жиноят” деб атади. Бу ҳақда у бугун, 5 декабрь куни Баку шаҳрида ўтаётган “Маданий мерос ва қайтиш ҳуқуқи” халқаро конференциясида сўз очди.

“Арманистон ғарбий Озарбайжонда яшаган озарларнинг бой моддий ва номоддий маданий меросини, уларнинг муқаддас жойларини, қабристонларини мунтазам равишда йўқ қилиб, Озарбайжон халқининг изларини ўз ҳудудидан ўчириб ташлашга интилган.

Арманлар томонидан озарбайжонликларга нисбатан содир этилган инсониятга қарши жиноятларни халқаро-ҳуқуқий нуқтаи назардан баҳолаш ва бу борада халқаро жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлашига эришиш учун зарур чораларни кўриш ниҳоятда муҳим”, дейди у ўз мурожаатида.

Алиев “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ва бошқа муҳим халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган қайтиш ҳуқуқи доирасида “Арманистондан зўрлик билан қувиб чиқарилган озарбайжонликларни қайтариш” бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақирган. Шунингдек, у БМТнинг махсус тузилмалари иштирокида маданий меросни тиклаш ва ҳимоя қилиш жараёнини бошлашни таклиф қилган.

“Қайтиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқларининг асосий тамойилларидан биридир. Бу ҳуқуқни таъминлаш нафақат ўз юртига жисмонан қайтишни, балки жамиятнинг маънавий яхлитлиги, маданий мероси ва тарихий хотирасини тиклашни англатади.

Арманистондаги Озарбайжон маданий меросини тиклаш ва ҳимоя қилиш Озарбайжон халқининг қонуний талаби бўлиб, умуминсоний қадриятларга ҳурмат кўрсатиш, адоват саҳифасини ёпиш ва халқлар ўртасида ўзаро тушунишни таъминлаш учун зарурдир”, дейди Алиев.

У, шунингдек, жорий йилнинг август ойида АҚШда Озарбайжон ва Арманистоннинг учрашуви икки халқнинг келажакдаги ёнма-ён яшаши бўйича умид уйғотаётганини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида томонлар тинчлик шартномасининг матнини тасдиқлаган эди. Июль бошида эса Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Алиев Абу-Дабида учрашди. Улар тинчлик шартномаси имзоланинишига тўсқинлик қилаётган масалалардан тортиб, Нахчивон эксклави билан Озарбайжон асосий ҳудуди ўртасида Арманистон орқали йўл очиш масаласигача барча келишмовчиликларни муҳокама қилган.

Август ойининг бошида, қарийб 4 декада давом этган қонли можаронинг ортидан Алиев ва Пашинян АҚШ Президенти Дональд Трамп иштирокида Вашингтонда тинчлик шартномаси декларациясини имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Илҳом Алиев Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг