Алиев ва Пашинян Абу-Дабида 5 соат музокара ўтказди (видео)

Олам

image

Бугун, 10 июль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирликлари қўшма баёнот эълон қилди.

Унда айтилишича, етакчилар бевосита икки томонлама алоқаларни давом эттиришга келишиб олган ҳамда чегарани белгилаш бўйича давлат комиссияларига ишни давом эттиришни топширган.

“Томонлар икки томонлама музокаралар муносабатларни нормаллаштириш жараёнига оид барча масалаларни ҳал қилиш учун энг самарали формат эканини тасдиқлади ва шу асосда натижага йўналтирилган бундай мулоқотни давом эттириш ҳақида келишувга эришилди”, дейилади қўшма баёнотда.

Маълум бўлишича, Илҳом Алиев ва Никол Пашинян ўртасидаги музокаралар тахминан 5 соат давом этган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Арманистон ва Озарбайжон тинчлик шартномасининг барча 15 моддаси бўйича келишувга эришган эди. Ереван ҳужжатни имзолаш жойи ва санасини муҳокама қилишга тайёр эканини билдирган, бироқ Баку бунга икки шарт қўйган: 2022 йилдан бери фаолияти тўхтатилган ЙХҲТ Минск гуруҳининг тугатилиши ва Арманистон Конституциясига ўзгартириш киритилиши (ундаги Тоғли Қорабоғ ҳақидаги Декларацияга ишора сабабли).

Республика Асосий Қонунининг 1-моддасида Арманистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 23 августда қабул қилинган мамлакат Мустақиллик Декларациясига ҳавола мавжуд. Ушбу декларациянинг бошида Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг 1989 йилдаги “Бирлаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорига ишора қилинган.

Арманистоннинг “24News” нашри манбаларига кўра, тинчлик битими АҚШда (сентябрда) ёки БААда (декабрда) имзоланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Илҳом Алиев Никол Пашинян Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг