Алишер Усмонов компанияси Ўзбекистон алоқа бозорига киряпти
Жамият
−
10 Февраль 2021
36961“ЮэСэМ Телеком” ва МегаФон ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда янги қўшма корхона – Digital Holding’ни ташкил этди. Янги ҚК таркибидан Ucell компанияси ҳамда USM’нинг Ўзбекистондаги активлари – CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan ҳам ўрин олган.
Ўзбекистон ҳукумати Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) орқали ҚКга Ucell телеком-операторининг 100 фоиз улушини топширмоқда. Россия томони Digital Holding ривожланиши учун 100 млн доллар миқдорида инвестиция, шу билан бирга USM’нинг шўъба корхоналари – CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan’ни киритмоқда.
ҚК таркибига кириш учун “ЮэСэМ Телеком” ва МегаФон “Диджитал Инвест” компаниясига асос солишди, унда икки компаниянинг улуши 50 фоиздан тақсимланди. Янги ҚКда “Digital Invest” улуши 51 фоиз, ДАБА улуши 49 фоизга тенг.
Битим доирасидаги жараёнлар 2021−йил давомида якунига етади. Digital Holding эътиборини Ўзбекистон Республикасида алоқа хизматларидан фойдаланишни янада қулайроқ қилиш ҳамда сифатини ошириш учун халқаро стандартларга мос келувчи телекоммуникация инфраструктурасини шакллантиришга, ахборот хавфсизлиги ва маълумотларни сақлаш, баъзи турдаги товарлар ҳаракатини маркировкалаш ва кузатиб бориш соҳаларидаги илғор технология ва тизимларни татбиқ этишга қаратади.
Маълумот учун, “ЮэСэМ Телеком” – USM холдингининг рақамли бўлинмаси. МегаФон телеком оператори ва “ИКС Холдинг” АТ гуруҳининг 100 фоизини назорат қилади. “ЮэСэМ Телеком”нинг асосий мулкдорлари − USM (80 фоиз акциялар), Иван Стрешинский (10 фоиз) ва Антон Черепенников (10 фоиз).
Ucell 2018 йилнинг 5 декабридан ООО “COSCOM” («Ucell» савдо белгиси) сифатида 100 фоиз давлат компаниясидир.
Маълумот учун, асли ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов USM Holding компаниясининг асосчиси ҳисобланади. У компаниянинг 50 фоиз улушига эгалик қилади.