Алифбо ўзгартирилмайди – Президент маъмурияти

Олам

image

Қирғизистонда давлат томонидан қирғиз алифбосини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақидаги гаплар рад этилди. Бу ҳақда Президент Администрациясининг ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Орунбеков маълум қилди.

Орунбековнинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда муҳокама қилинаётган таклифлар Фанлар миллий академиясининг айрим вакилларининг шахсий ташаббуси бўлиб, давлат позициясини акс эттирмайди.

“Бу шахсий фикр ва шахсий ташаббус. Давлат томонидан қирғиз алифбосини ўзгартириш бўйича ҳеч қандай қарор ёки ташаббус қабул қилинмаган ва илгари сурилмаган. Қирғиз алифбоси аввалгидек 36 ҳарфдан иборат ва ўзгаришсиз қолади, деган у.

Дайирбек Орунбеков бундай ташаббуслар муаллифларини уларни оммавий муҳокамага олиб чиқишдан олдин эҳтимолий оқибатлар ва жамоатчилик резонансини инобатга олишга чақирган.

“Бундай таклифлар билан чиқувчилар масъулиятни унутмаслиги, ташаббуснинг зарурати, эҳтимолий оқибатлари ва жамоатчилик манфаатини синчиклаб баҳолаши керак. Асоссиз баҳс-мунозаралар ва норозиликларга сабаб бўлиши мумкин бўлган ташаббусларни илгари суришдан аввал бу омилларни ҳисобга олиш лозим”, деган у.

Қайд этилишича, қирғиз тилининг янги имло қоидалари лойиҳаси муҳокама учун эълон қилингач, кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган. Энг кўп баҳсларга сабаб бўлган таклифлардан бири қирғизча сўзларда “Э” ҳарфидан воз кечиб, уни “Е” ҳарфи билан алмаштириш бўлган. 

Айрим мутахассислар бу ўзгаришни кирилл ёзуви фонетикаси нуқтаи назаридан асоссиз деб ҳисобласа, бошқалар уни имлони соддалаштириш ва эҳтимолий лотин ёзувига ўтиш сари қадам сифатида баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбек алифбоси ислоҳоти доирасида ҳам 4 та ҳарфнинг янги шакли лойиҳаси эълон қилинган эди.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг