Алифбо ислоҳоти: 4 та ҳарфнинг янги шакли лойиҳаси эълон қилинди
Жамият
−
23 Сентябрь 2023
11728Кеча, 22 сентябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш масалаларига бағишланган республика илмий-назарий конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
“Конференция давомида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти бўлим мудири Ёрқинжон Одилов янги ўзбек алифбосига ўтиш бўйича таклиф этилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Конференцияда таклиф сифатида Ишчи гуруҳ томонидан 28 та ҳарф, 1 та ҳарфлар бирикмаси ва тутуқ белгисидан таркиб топган такомиллаштирилган алифбо лойиҳаси эълон қилинган. Бунда қуйидаги 4 та ҳарф шаклини бироз ўзгартириш таклиф этилган:
Ў – Õ
Ғ – Ğ
Ч – C
Ш – Ş
Шунингдек, ўзгариши кутилаётган ҳарфларнинг ўзбек клавиатурасида қандай акс этиши ҳам кўрсатиб ўтилди.
“Давлат раҳбари жорий йил Тошкент шаҳрида ўз сайловолди учрашувида лотин ёзувига асосланган алифбомизни такомиллаштириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берди. Бу борада олимлар, академик жамоа, тилшунослар, зиёлилар, маданият ходимлари, оммавий ахборот воситалари ходимларининг иштирокида бамаслаҳат иш кўришни лозим топдик. Таклифларимиз илмий, мантиқий, амалий жиҳатдан ишимизга фойда бериши керак, деб ўйлайман”, дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодир Холбўтаев.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу лойиҳа вариантини яратишда илмий, мантиқий, таълимий, техник жиҳатлар эътиборга олинган.
Анжуманда сўзга чиққанлар кун тартибидаги масала жуда долзарб экани, кўп вақтдан бери алифбомизда айрим камчиликлар борлиги ва уларни бартараф этиш зарурлиги ҳақида жамоатчилик томонидан кўплаб фикрлар билдирилаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси эълон қилингани, унда бир нечта ҳарфларни ўзгартириш таклиф қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Машҳура Имомова
LiveБарчаси