Актёр Абдухолиқ Мамарасулов вафот этди
Жамият
−
22 Октябрь 2023
26382Кеча, 21 октябрь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдухолиқ Мамарасулов 74 ёшда вафот этди. Унинг жанозаси Тошкентдаги собиқ “Ўзбекфильм” маҳалласидаги “Собитхон хожи ота” масжидида ўқилган.
Ижтимоий тармоқларда маълум қилинишича, актёр бир неча йилдан буён юрак касаллиги билан курашаётган бўлган. Ўлимидан бир муддат аввал ҳам шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанган.
Абдухолиқ Мамарасулов 1970 йилдан бошлаб Муқумий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театрида ҳамда “Муштум” журналида фаолият юритган. У “Телевизион миниатюралар театри”даги роллар билан халққа танилган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 сентябрь куни Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев 77 ёшида, 19 июль куни Ўзбек Миллий академик драма театрининг забардаст актёри, Ўзбекистон халқ артисти Толиб Каримов 83 ёшида, май ойида эса таниқли раққоса, ўзбек рақс санъатида ўз мактабини яратган Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова 77 ёшида вафот этган эди.