Ўзбек санъати оғир жудоликка учради
Маданият-санъат
−
19 Июль 2023
26755Ўзбек Миллий академик драма театрининг забардаст актёри, Ўзбекистон халқ артисти Толиб Каримов бугун, 19 июль куни 83 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбек Миллий академик драма театри хабар берди.
Толиб Каримов 1940 йилда Тошкентда туғилган.
У 1961 йилда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг (ҳозиги Маданият ва санъат институти – таҳр.) актёрлик факультетини тугатгач,1961-63 йилларда институт йўлланмаси билан Кўқондаги Ҳамза номли театрда актёр сифатида ижодий фаолиятини бошлайган. Бу театрда у Саид Аҳмаднинг "Ҳасан-Ҳусан" комедиясида милиционер, Одил Ёкубовнинг "Олма гуллаганда" асарида Азиз, Лазутиннинг "Сержант милицияси" асарида сержант ва бошқа бир неча ролларни ижро этган.
Толиб Каримов 1963 йилда Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрига ишга ўтиб, шу кунгача ушбу театрда фаолият кўрсатиб келаётган эди. Шу даврда у ғарб драматурглари, рус ва бошқа қардош халқлар, шунингдек ўзбек драматургларининг асарлари асосида саҳналаштирилган қирқдан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнаган. У яратган Йўлчи (Ойбек,"Қуғлуғ қон"), Ғофур (Ҳамза,"Бой ила хизматчи"), генерал Колотов (Л.Шейнин, "Мудҳиш айбнома"), Азиз (С.Азимов, "Замон драмаси"), Чўпон (Софокл, "Шоҳ Эдип"), Улуғбек (Шайхзода, "Мирзо Улуғбек"), Дарвеш (М.Карим, "Ой тутилган тунда"), шоҳ Маъмун (Уйғун, "Абу Райҳон Беруний"), Пиночет (Бичков, "Мен Чилига ишонаман"), Абресков (Л.Толстой, "Тирик мурда"), Азизбой (Иззат Султон, "Истеҳком"), Ҳожидарға (Т.Тўла, "Нодирабегим"), профессор Иванов (А.Сафронов, "Юрак операцияси"), Аҳмад Танбал (П.Қодиров, "Юлдузли тунлар"), Мирзакарим Қутидор (И.Султон, "Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари"), Ҳусайн Бойқаро (Уйғун, И.Султон "Алишер Навоий"), Амир Темур (А.Самад, "Соҳибқирон Темур") ва бошқа образлар актёр ижодида муҳим аҳамиятга эга бўлган.
Шунингдек, у "Оталар сўзи – ақлнинг кўзи" телекўрсатувларида ҳам кўплаб асосий ролларни ижро этган. Телепостановка, телеспектакль, видеофильм ва республика радиосида берилган радиоспектаклларда фаол қатнашиш Толиб Каримовнинг кенг санъат мухлисларига яқиндан танилишида етакчи омил бўлган. У 1987 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган. "Қутлуғ қон" спектаклида Тантибойвачча ролини ижро этгани учун у 1989 йилда Ҳамза номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган. Актёр 1997 йилда "Меҳнат шуҳрати"ордени билан тақдирланган.
LiveБарчаси