АҚШнинг 46-Президенти Жо Байден ким? У нималар қилмоқчи?
Таҳлил
−
08 Ноябрь 2020
52664АҚШда 3 ноябрь куни ўтказилган президентлик сайлови натижасига кўра, Демократик партия вакили, 77 ёшли Жо (Жозеф) Байден мамлакатнинг 46-Президенти этиб сайланди. Дунёнинг энг қудратли давлатига раҳбар бўлган Байден ким? Қуйида шулар ҳақида сўз юритамиз.
АҚШнинг 46-Президенти Жо Байден
Байден 35 йил давомида АҚШнинг Делавэр штатидан сенатор бўлиб келган ва Американинг 44-Презденти Барак Обама маъмуриятида вице-президент бўлган. Жозеф Демократик партиянинг энг обрўли ва тажрибали вакилларидан бири ҳисобланади. 2021 йил 20 январда инаугурация вақтида Байден 78 ёшда бўлади ва АҚШ тарихидаги энг ёши улуғ давлат раҳбарига айланади.
Коронавирусга қарши кураш Байденнинг асосий мақсадларидан бири
Коронавирус пандемияси бошланганидан бери Жо Байден кўп бора мамлакат аҳолисига мурожаат қилди ва вирус қурбони бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Бугунги кунда АҚШда COVID-19 асоратларидан 225 000 одам вафот этган.
Байденнинг бу масалага доир баёнотлари АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трапмнинг қарашларига мутлақо зид. Трамп ўзи коронавирусга чалинди ва шифохонадан Оқ уйга қайтгач, бу касалликдан қўрқиш керакмаслигини айтди.
Жо Байден америкаликларни доим тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофага амал қилишга чақириб, зарарланиш хавфига жиддий қараш кераклигини айтиб келяпти. У Оқ уйга келгач, биринчи кундан коронавирус пандемиясига қарши курашнинг узоқ муддатли дастурини тақдим қилмоқчи. Шунингдек, ниқоб тақишни федерал даражада мажбурий қилиш нияти ҳам бор.
Байденнинг шахсий ҳаётидаги оғир йўқотишлари
Жо Байден турмуш ўртоғидан айрилиш ва фарзандини қабрга қўйиш нима эканини тасаввур қилибгина қолмай, буни ўз бошидан ўтказган. Оиласидаги фожиа сабаб у ҳатто сиёсий карьерасини тугатишига ҳам оз қолган.
Бу 1972 йилда юз берган. Сиракуз университети битирувчиси Байден ўшанда 29 ёшда эди. У тажрибали республикачи сиёсатчи Жеймс Калебу Боггсга қарши Делавэр сенаторлиги учун номзодини қўйган.
Сайловолди бюджети ҳаддан ташқари кам эканига қарамай, у ғалаба қозонган. Бироқ орадан бир неча ҳафта ўтгач, ёш сиёсатчининг ҳаётини буткул ўзгартириб юборган фожиа юз берди: унинг хотини Нелия ва уларнинг қизи Наоми автоҳалокатда вафот этди. Уларнинг ўғиллари Бо ва Хантер жиддий жароҳат олди.
30 ёшли сенатор
Оиласидаги жудолик сабаб Байден сенатор лавозимидан бош тортишни хоҳлаган, бироқ якунда уни бу ниятидан қайтишга кўндиришган. У ўғиллари даволанаётган шифохонада қасамёд қабул қилган. Ёш сенатор ҳар куни поездда Делавэрдан Вашингтонгга бориб келадиган бўлган. Унинг синглиси Валери болаларга қараб туриш учун унинг уйига келган. У 1977 йилда акаси ҳозирги турмуш ўртоғи Жилл Жейкобс билан оила қургунча, унинг уйида яшаган. Тез орада Байденнинг қизи Эшли дунёга келган.
Бироқ Байденнинг ҳаётидаги йўқотишлари шу билан тугамади. У 2015 йилда Барак Обама маъмуриятида вице-президент бўлиб, у билан кам даромадли миллионлаб одамларнинг тиббий хизматдан фойдалана олишига имкон берувчи қонун устида ишлай бошлади. Шу вақтда унинг катта ўғли Бо мия саратонидан вафот этди. Бунинг ортидан 2016 йилда АҚШ Президентлиги учун номзодини илгари суришни мақсад қилган Байден бу ниятидан қайтди.
“Суст Жо”нинг даври келди
Шунга қарамасдан, орадан тўрт йил ўтгач Байден АҚШнинг янги Президенти бўлди. Миссури университети профессори Митчелл МакКиннининг таъкидлашича, демократлар тажрибали Байденни ёш сиёсатчилардан устун кўришининг ҳайрон қоларлик ери йўқ. У Байденни ақли расо, барқарор ва сезгир сиёсатчи деб атаган. Бир сўз билан айтганда рақибини “суст Жо” деб атовчи Трампдан кескин фарқланади.
Байден ҳамкасблари билан қарашлари турфа бўлса ҳам улар билан тил топиша олиши билан машҳур.
“У Конгрессда кўп йил ишлаган ва барча билан муросага кела олади. Вашингтонда Жо Байденни ҳақиқатан ёқтирмайдиган одамни топиш қийин. У кўп йиллар Конгрессда республикачилар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилган ёқимли, дўстона инсон сифатида обрўга эга”, дея таъкидлайди сиёсатшунос, Техас университети профессори Остин Брюс Бьюкенен.
Сайловлардан олдин бир нечта республикачи сенаторлар Байден ғалаба қозонса, у билан ишлашга тайёр эканини ҳам билдирган.
Байденнинг мақсади Американи бирлаштириш
Жо Байден ҳозирда зиддиятлар гирдобида қолган Американи бирлаштирмоқчи.
“Агар менга президентликни ишонсангиз, мен бизнинг ёмонлигимизни эмас, фақат яхшилигимизни кўрсатишга ҳаракат қиламан, мен ёруғликнинг иттифоқчиси бўламан, зулматнинг эмас. Барчамиз учун бирлашиш вақти келди”, деган Байден 20 август куни Демократлар партиясидан номзодлик номинациясини қабул қилиб олиш маросимида.
Байден миллионлаб янги иш ўринлари яратишга ваъда берди. Бунинг учун зарур инвестиция Дональд Трамп томонидан бойларни солиққа тортишда жорий қилинган имтиёзларни бекор қилиш ҳисобига шакллантирилишини таъкидлади.
АҚШнинг янги Президенти иқлимни ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқчи. Трамп глобал исиш инсон фаолияти маҳсули эканига шубҳа билдириб келади. Байден эса 2050 йилгача АҚШни тўлалигича қайта тикланувчи энергияга ўтишини таъминламоқчи.
У АҚШни Париж иқлим келишувига қайтариш ниятида. У Оқ уйга келгач, биринчи бўлиб бажарадиган ишлари рўйхатига киритган.
Бундан ташқари, у иммиграция сиёсатини ҳам юмшатиш ниятида. У мусулмон давлатларга иммиграция учун қўйилган чекловларни бекор қилмоқчи. Шунингдек, АҚШнинг ЖССТда қолиши тарафдори ва ишга киришгач, Трамп бу тўғридаги қарорини бекор қилиш ниятида.
Байден Кремль учун қандай сиёсат тайёрлаяпти?
Байденнинг ташқи сиёсатга алоқадаор қарашлари ҳам яхши маълум. Унинг бу борадаги асосий ваъдаси – АҚШ етакчилигининг дунё аренасидаги муносиб ҳурматини тиклаш. Қўшма Штатларнинг Германиядаги Маршалл фонди эксперти Бруно Летенинг таъкидлашича, Байден учун қадриятлар аспекти НАТОдаги ҳамкорликка “сен – менга, мен – сенга” призмаси орқали қаровчи Трампдан анча муҳимроқ.
Лете Байден АҚШнинг Россия билан алоқаларини ривожлантириш борасида кўплаб умидсизликларни бошдан кечирганини эслатиб ўтган. У вице-президент бўлганида ўша вақтдаги Давлат котиби Хиллари Клинтон 2009 йилда Москва билан муносабатларнинг янги босқичини бошлаш ниятида Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан “қайта ёқиш” тугмасига босди. Байден эса АҚШнинг Россияга дўстлик қўлини узатишга бўлган уриниши муваффқиятсиз якунланганини кўрган.
Вашингтондаги Ханс Зайдел номидаги жамғарманинг бўлим бошлиғи Кристиан Форстнер Байден Президент бўлган даврда ҳам АҚШнинг Россия билан муносабатлари ўзгармайди деган фикрда.
“АҚШда Москвага ишонч жуда паст. Конгресс ҳам, Сенат ҳам, республикачилар-у демократлар бирдек Россияга қарши сиёсатни қаттиқлаштириш тарафдори. Бу Украина, Грузия ва бошқа сабаблар билан алоқадор”, дея тушунтирган эксперт.
Шунинг учун, Байден Москвага нисбатан бирор ўзгариш қилишни хоҳласа ҳам “қўллари боғлиқ” бўлиши мумкин.
Коррупцияда айбланиши ва саломатлиги билан боғлиқ муаммолар
Украина Байден учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. У Обама маъмуриятида Украина билан муносабатларга жавобгар бўлган. Бошқа томондан Байден шу сабабдан коррупция можароси марказига тушиб қолди. 2014 йилда унинг ўғли Хантер Байден Украинанинг газ қазиб олувчи “Burisma” компанияси кузатув кенгашига кирди.
Илгари газ бизнеси билан алоқадор бўлмаган ва “Burisma”да юқори маош оладиган (ОАВ маълумотига кўра, ойига 50 минг долларгача) Байденнинг қарори АҚШда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви сабабли танқидларга учради.
Катта Байден эса Украина раҳбариятига ўша вақтда “Burisma”га қарши суриштирув бошлаган Бош прокурор Виктор Шокиннинг лавозимидан олиниши учун босим ўтказишда гумон қилинган. Жозеф Байден ўз навбатида бундай айбловларни инкор қилади.
23 сентябрь куни республикачи сенаторлар Рон Жонсон ва Чак Грассли Хантер Байденнинг шубҳали битимлари ҳақида ҳисоботни эълон қилди. Ҳужжатда кичик Байденнинг “Burisma”даги фаолияти билан боғлиқ миллионлаб пул ўтказмалари кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, ҳисоботда у Хитой Коммунистик партияси билан алоқадор шахслардан, шунингдек, Москва собиқ мэри Юрий Лужковнинг беваси Елена Батуринадан катта миқдордаги пулларни олганига даъво қилинган.
Жо Байден танқидчилари унинг ёши ва саломатлиги билан боғлиқ эҳтимолий муаммолар ҳақида эслатишдан ҳам тўхтамайди. 77 ёшли сиёсатчи тез-тез оммавий чиқишлар вақтидаги нутқи давомида чалкашиб кетади, сўзларни тушунарсиз талаффуз қилади ва ғалати баёнотлар беради. Масалан, 2020 йил мартда Лос-Анжелесда сайловчилар билан учрашувда синглиси Валерини таништириб, қўли билан ёнида турган турмуш ўртоғини кўрсатган. Бу ҳолатдан унинг сиёсий рақиблари фойдаланиб, Байденда қарилик деменцияси бошланганини айтиб, унинг обрўсини туширишга уринади.
Байденнинг оиласи
Жозеф Робинетт Байден 1942 йил 20 ноябрда Пенсильвания штатининг Скрантон шаҳрида туғилган. Америкалик давлат арбоби, сиёсатчи.
Байден 2009 йил 20 январдан 2017 йил 20 январгача АҚШнинг 47-вице-президенти бўлган. Вице-президент бўлгунича 1973 йилдан 2009 йилгача Делавэр штатидан сенатор бўлган.
Отаси катта Жозеф Робинетт Байден (1915-2004) ва онаси Кэтрин Южиния Финнеган (1917-2010). Унинг онаси турли маълумотларга кўра, Ирландия Республикасидаги Лаут графлигидан ёки ҳозирда Шимолий Ирландиядаги Дерри графлигидан бўлган. Байден ота томондан Англиянинг Сассекс графлиги билан боғланади. Байденнинг бобосининг бобоси Уильям Байден Қўшма Штатларга эмиграция қилган. Байденнинг катта бобоси Эдвард Блюитт Пенсильвания Сенати аъзоси бўлган. Унинг икки укаси – Жеймс Брайан ва Франсис ҳамда битта синглиси – Валери Оуэнс бор.
Жо Байден Уилмингтондаги Муқаддас Елена мактабида, кейин Делавэр штатидаги Клэймонт шаҳридаги Арчмер академиясида ўқиган. У Делавэр университетида ҳам таҳсил олган ҳамда 1956 йилда тарих ва сиёсатшунослик бўйича бакалавр даражасини олган. 1968 йилда Байден Нью-Йоркда Сиракуз университетитинг юридик мактабини ҳуқуқ доктори даражаси билан тамомлаган. Ҳуқуқ доктори биз одатланган магистратура босқичи билан тенг. У фан доктори дегани эмас.
Байден болалигида қаттиқ дудуқланган, аммо унинг нутқи 30 ёшга етганида яхшиланган. Байден ойна олдида шеър ўқиб, нутқини яхшилашга муваффақ бўлганини айтган.
У алькоголли ичимлик ичмайди. “Менинг оиламда ичкиликка ружу қўйганлар етарлича”, деган у.
Муҳим масалалар бўйича позицияси
Байден Афғонистондан Америка ҳарбийларини зудлик билан чиқариш тарафдори. У сайлов кампанияси вақтида Президент бўлса, дарҳол “Толибон” билан музокаралар бошлашини айтган.
Шу билан бирга сиёсатчи бошқа “қайноқ нуқта”ларда АҚШнинг минимал даражадаги ҳарбий контингентини қолдириш тарафдори. Шунингдек, Шарқий Европада Россияга қаршилик кўрсатиш учун НАТОни саақлаб қолиш керак деб ҳисоблайди.
Байден Эрон билан тузилган ядро дастури бўйича келишувни сақлаб қолиш тарафдори. У АҚШ Эрон бу келишув шартларига амал қилишига эришиши керак деб ҳисоблайди.
Байден Россия ва Хитой томонидан бўладиган киберҳужумларга қарши туриш учун тизимни такомиллаштириш ва модернизация қилиш кераклигини айтган.
Шунингдек, Трамнинг солиқ сиёсати ўрта синфни бўғади деб ҳисоблайди ва юқори даромадли одамларга берилган солиқ имтиёзларини йўқ қилиш ниятида.
LiveБарчаси