Трамп ё Байден: дунё Оқ уйда кимни кўрмоқчи?
Таҳлил
−
02 Ноябрь 2020
15431Трамп ё Байден? Оқ уй кимга насиб қилади? Эртага, 3 ноябрда америкаликлар ўзининг келгуси тўрт йилини белгилайди! Демократия қўриқчиси сифатида намоён бўлувчи АҚШда презиндентлик сайлов тизими қандай тузилган? Агар Трамп ютқазса, буни тан олишдан бош тортадими? Дунё кимнинг ғалабасини кутмоқда? Шу мавзу доирасида батафсил суҳбатлашамиз!
Сайловга бир кун қолганда сўровномаларга кўра, демократлардан бўлган Жо Байден 52 фоиз билан 43 фоиз тўплаган амалдаги давлат раҳбари Дональд Трампни ортда қолдирмоқда. Орадаги фарқ етарлидек туюлсада, бу Байденнинг ғалабасини ҳеч ҳам кафолатламайди! Масалан, 2016 йилдаги сайловларда Дональд Трамп рақиби Ҳиллари Клинтондан деярли 3 миллион овоз ортда қолганлигига қарамасдан ғолиб бўлган эди. Ҳўш, қандай қилиб?
Энг чигал тизим
АҚШда Президент сайлови тизими жуда мураккаб тузилган. Бу тизим Ўзбекистон ва бошқа кўплаб давлатлардаги сайлов тизимидан тубдан фарқ қилади. Ҳар тўрт йилда, ноябрь ойининг биринчи сешанбасида умумхалқ сайлови бўлиб ўтади. Унда сайловчилар тўғридан-тўғри президент ва вице-президентга овоз беради. Умумхалқ сайлов натижалари, албатта, инобатга олинади, бироқ сўнги сўзни “сайловчи коллегиялар” айтади яъни, 50 штатнинг ҳар бири ва алоҳида Вашингтон Колумбия округининг “сайловчи коллегиялари” берган овозлар келгуси 4 йилда “Оқ уйнинг хўжайини” ким бўлишини белгилаб беради. “Сайловчи коллегиялар”да 538 та овоз бор ва Президент бўлиш учун 270 та овозни тўплаш етарли.
АҚШ кексаларга қолдими?
Шундай қилиб ўтган президентлик умумхалқ сайловида Дональд Трамп рақиби Ҳиллари Клинтондан кам овоз йиғган бўлсада, “сайловчи коллегиялар”нинг 304 та овозини тўплаб 70 ёшида АҚШнинг энг кекса Президентига айланган ва 69 ёшида Президент бўлган Рональд Рейганниг рекордини янгилаган эди. Омади келса балки Байден АҚШ тарихидаги энг кекса Президент бўлар, ахир у 77 ёшда.
Мағлубнинг нутқи
Қўшма Штатлардаги президентлик сайлов тизимининг муҳим босқичларидан бири бу – ҳокимиятни топшириш вақтида мағлуб бўлган номзоднинг ғолибни табрикловчи нутқи. Ушбу анъана 1896 йилда Демократлар партиясидан номзод Вилям Женкинс Браян ўзининг республикачи рақибига телеграмма юборганида бошланган: “Мен сизнинг ғалабангиздан хабар топдим ва сизга ўз табрикларимни юборишга шошилдим. Биз Президентни танлаш қарорини Америка халқининг қўлига топширдик ва унинг сўзи биз учун қонундир”.
Шу-шу мағлубнинг табрик сўзи фуқаролик бурчига айланди. Кейинги мағлуб номзодлар нутқларини аввал радиода, сўнгра телевизорда ижро этишди. Бу жараён рамзий маънони билдирсада, ҳокимят – халқнинг иродаси эканлигини кўрсатиб турадиган характерга эга.
Трамп шундай нутқ сўзлашга тайёрмикан? Шу йилнинг сентябрь ойида журналистнинг “агар ютқазсангиз, тинч йўл билан ҳокимиятни топширасизми?” деган саволига “вазиятга қараймиз” деб жавоб берган Доналд Трамп анъанани давом эттирадими? Кўрамиз, воқеалар ривожи қизиқ тус олмоқда!
Жаҳон ҳамжамияти кандай фикрда, ким ғалаба қилишини олдиндан айтиш деярли иложсиз! Лекин АҚШ жаҳон сиёсатидаги катта ўйинчилигини ҳисобга олсак, дунё кимнинг ғалабасини кутаётгани ҳакида фикр юритса бўлади.
Германия
Трампнинг кетишини интизорлик билан кутаётган Германияда ўтказилган ижтимоий сўровнома натижаларига кўра атига 13 фоиз немислар Трампнинг ғалабасини ёқлаб овоз берган. Бунга бир қатор сабаблар мавжуд. Хусусан, АҚШ ва Европа иттифоқи доирасидаги Трансатлантик савдо ва сармоявий шериклик лойиҳаси Трамп келгунига қадар ривожланиб келган бўлса, 2016 йилдан сўнг тескари тус ола бошлади. Ундан ташқари, Трампнинг АҚШ қўшинларининг бир қисмини Германиядан олиб чиқиб кетиш тўгрисидаги қарори ҳамда Германия канцлери Ангела Меркел билан жаҳон савдоси, қочоқларга нисбатан сиёсат, иқлимни ҳимоя қилиш ва пандемия сабаб вужудга келган инқирозни бартараф этиш масалалари бўйича қарама-қарши фикрда эканликлари ҳам бунга сабаб бўлмоқда.
Буюк Британия
“АҚШ ва Буюк Британия ўртасида ҳар доим сиёсий зиддиятлар бўлган. Лекин сўнгги тўрт йил ичида бу тенденция, айниқса, муҳим масалаларда янада авж олдиʼʼ, дейди АҚШнинг Буюк Британиядаги собиқ элчиси Лю Лукенс. Бу сўзлар Трамп даврида АҚШнинг сўнги 4 йилдаги Британия билан бўлган муносабатларини тушуниш учун муҳим сигнал.
Иккинчи томонга қулоқ тутайликчи, қандай садо чиқар экан
Борис Жонсон ҳукумати ҳам кўпроқ Байден билан ишлаш истагида. Бунга бир нечта сабаблар бор. Хусусан, демократлардан бўлган Байден ва Британия Бош вазири Жонсон ўртасида Россия ва Хитой билан келаси алоқалар юзасидан якдиллик мавжуд. Бундан ташқари Байденнинг АҚШ Париж иқлим келишувига қўшилиши кераклиги тўғрисидаги фикри ҳам Жонсон Ҳукуматига маъқул тушган. Жонсон Ҳукуматидагилар Байденнинг ғалабаси натижасида Британия ва АҚШ ўртасидаги савдо алоқалари қайтадан жонланишига амин.
Россия
Кремлга кимнинг ғалаба қозониши муҳим эмас. Кремль учун ким Президент бўлишидан қатиий назар, фаол ташқи сиёсат юрита олмаса ва кўпроқ мамлакат ички муаммолари билан овора бўлиб қолса бас!
Шу ўринда, Байден Россия АҚШ учун энг хавфли рақиб эканлиги ҳамда Путин унинг ғалабасини истамаётганини айтиб ўтган. Ўз навбатида, Трамп Байденни Путиндан пул олишда айблаган бўлса, Путин бунга изоҳ йўқ дея муносабат билдирди.
Ўзбекистон
Ўзбекистон ва АҚШнинг иқтисодий муносабатларига статистика асосида назар ташласак бу сайловлар натижасининг аҳамияти жуда юқори эмаслигини кўрамиз. Хусусан, ўзаро савдо айланмалар ҳажми АҚШ билан Ўзбекистон ўртасида унчалик баланд эмас, сўнги 9 ой ичида 213,2 миллион долларга етган. Бундай кўрсаткич билан АҚШ Ўзбекистоннинг ўзаро савдо шериклари рўйҳатида 17-ўринда турибди. АҚШ Ўзбекистон инвестиция киритаётган ёки қарз бераётган давлатлар рўйҳатида ҳам олдинги ўринларда турмайди. Бу рўйҳатда асосан Хитой, Корея, Россия ва Германия каби давлатлар етакчилик қилмоқда. Аминмизки, Ўзбекистон ўзининг мустақил ва прагматик сиёсати орқали Оқ уйнинг ҳар қандай эгаси билан тил топиша олади.
Фаррухжон Муродқулов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь