Эрон Ҳормуз устида Америка вертолётини уриб туширди
Олам
−
08:25 4615 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон Ҳормуз бўғози устида Американинг Apache вертолётини уриб туширганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, иккала учувчи ҳам омон қолган, АҚШ эса ушбу ҳужумга жавоб қайтариш ниятида. Бу ҳақда Америка етакчиси Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Ҳарбийларимизнинг ҳозиргина менга маълум қилишича, ўтган кеча эронликлар Ҳормуз бўғози устида патруллик қилаётган юқори технологияли Apache вертолётларимиздан бирини уриб туширишган. Бортда икки нафар учувчи бўлган, уларнинг иккаласи ҳам хавфсиз жойда ва жароҳат олишмаган. Шунга қарамай, Қўшма Штатлар ушбу ҳужумга албатта жавоб қайтариши шарт”, деб ёзди Трамп.
Бунинг ортидан АҚШ Мудофаа вазирлиги суриштирув ишларини бошлаган.
“8 июнь куни АҚШ армиясининг AH-64 Apache вертолётининг икки нафар экипаж аъзоси Уммон қирғоқлари яқинида, минтақавий сувларда патруллик қилаётган вақтда вертолёт ҳалокатга учраганидан сўнг, АҚШ Қуролли кучлари томонидан қутқариб олинди. Ҳарбий хизматчилар (ҳалокатдан) тахминан икки соат ўтиб қутқарилган ва уларнинг аҳволи барқарор. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда”, дея қайд этади қўмондонлик.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп жорий йилнинг 28 февралида уруш бошланганидан бери 37-марта Эрон билан урушни тўхтатиш тўғрисидаги битимга “икки-уч кун ичида” эришилиши мумкинлигини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси