Украинани қўллаш АҚШ манфаатларига жавоб беради – Байден Трампга 

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден президентлик сайловларида ғалаба қозонган ўзидан олдинги ва кейинги бўлажак президент Дональд Трампга ваколатлар алмашинуви муаммосиз ўтишини ваъда қилди. Бу ҳақда у кеча, 13 ноябрь куни Оқ уйда Трамп билан учрашувда маълум қилди.

81 ёшли демократ ва 78 ёшли республикачи Овал офиснинг ёниб турган камини олдида қўл бериб кўришди.

“Сиёсат – қийин иш ва кўп ҳолларда бу жуда ёқимли дунё эмас. Аммо бугун бу ажойиб дунё ва мен буни жуда қадрлайман” деди Трамп учрашувдан кейин журналистларга.

Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьернинг сўзларига кўра, сиёсатчилар ўртасидаги суҳбат тахминан икки соат давом этган.

“Улар мамлакат ва жаҳон олдида турган муҳим миллий хавфсизлик ва ички сиёсат масалаларини муҳокама қилди”, деди у матбуотга.

Ўз навбатида, Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, Байден Трамп билан суҳбатда Украинани Россия Федерациясига қарши мудофаа урушида кейинги қўллаб-қувватлаш АҚШнинг миллий манфаатларига жавоб беришини таъкидлаган.

Трампнинг ўзи “The New York Post” журналисти саволига жавоб берар экан, суҳбатнинг муҳим қисми Яқин Шарқдаги ҳарбий можарога бағишланганини айтди.

“Мен унинг вазиятга қандай баҳо беришини ва бу ҳақда қандай фикрда эканлигини билмоқчи эдим. Ва у менга бу ҳақда очиқ гапирди”, дейди сайланган президент.

Қайд этиш жоизки, Жо Байден ва Дональд Трамп бир неча бор тўқнаш келишган: аввалига 2020 йилги сайловларда, кейин эса 2024 йилги сайлов кампанияси вақтида. Байден ўз рақибини демократия учун хавфли деб атаган, Трамп эса Байденни лаёқатсизликда айблаган.

Тўрт йил аввал демократ республикачилар устидан ғалаба қозонганидан бери анъанавий Овал офис учрашуви бўлиб ўтмади.

Дональд Трамп 2017 йилдан 2021 йилгача АҚШ президенти бўлган. 2020 йилда у мағлубиятни расман тан олмади ва рақибининг инаугурациясида қатнашмади. Дональд Трампнинг рафиқаси Мелания АҚШнинг биринчи хоними Жилл Байден билан учрашишдан бош тортди. Аввалроқ “The New York Post” газетаси манбага таяниб хабар беришича, бу қарор Мелания Трамп томонидан 2022 йилда Флоридадаги оилавий мулкни тинтув қилиш туфайли қабул қилинган.

“Жилл Байденнинг эри Федерал қидирув бюросига махфий ҳужжатларни нотўғри сақлаш бўйича тергов доирасида Мар-а-Лагодаги шахсий буюмлари қутисини кўздан кечиришга рухсат берди”, дейди нашр манбаси.

Кеча, 13 ноябрь куни икки сиёсатчининг июнь ойида бўлиб ўтган теледебатидан кейин биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Кейинчалик, Байденнинг заиф фаолияти туфайли демократлар унинг ўрнига вице-президент, 5 ноябрдаги сайловларда мағлуб бўлган 60 ёшли Камола Ҳаррисни танлади.

Янги президентнинг инаугурацияси 2025 йил 20 январда бўлиб ўтади. Шу кунгача давлат раҳбари Жо Байденнинг ваколатлари ўз кучида қолади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг