АҚШдан яна 65 нафар ўзбекистонлик депортация қилинди

Жамият

image

Америка Қўшма Штатларида қолиш учун қонуний рухсатга эга бўлмаган 65 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилинди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
 
Қайд этилишича, бугун, 11 март куни Қўшма Штатлар Ўзбекистонга депортация рейсини амалга ошириб, мамлакатда қолиш учун қонуний рухсатга эга бўлмаган 65 нафар Ўзбекистон фуқаросини қайтариб юборган.

Ушбу парвоз Қўшма Штатларнинг ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари доирасидаги навбатдаги тадбирларидан бири бўлган.

“Президент Трамп лавозимга киришганидан буён Қўшма Штатлар ноқонуний иммиграцияга чек қўйишга ҳамда ўз чегаралари ва фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган ўз мажбуриятлари доирасида 1000 дан зиёд Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди”, дейилади хабарда. 

Шунингдек, Қўшма Штатлар ҳудудига ноқонуний кирган шахслар қамоқ жазосига тортилиши ва мамлакатдан чиқариб юборилиши айтилган. Қўшма Штатлар АҚШнинг депортация тадбирларини ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига ўзининг чуқур миннатдорлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида ҳам АҚШда ноқонуний бўлиб турган 44 киши Ўзбекистонга қайтарилганди. Ундан олдин, 2025 йилнинг апрель ойида ҳам АҚШ ҳудудида қонуний асосларсиз бўлиб турган ва депортация қилинадиган хорижликлар рўйхатига киритилган Ўзбекистон фуқаролари чартер рейс орқали ортга қайтарилганди. Мазкур амалиёт доирасида Нью-Йорк–Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейси ташкил этилди. АҚШ мазкур амалиётни тарихий деб атаб, Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди. 2025 йилнинг сентябрь ойида ҳам 39 нафар Ўзбекистон фуқароси АҚШдан депортация қилингани маълум бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ўзбекистон депортация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг