АҚШдаги сайловлар: Байден ва Трамп номзод бўлиши кафолатланди

Олам

image

АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден ва собиқ президент Дональд Трамп президентликка номзодликни таъминлаш учун бошланғич сайловларда етарлича делегат тўплади. Бу ҳақда “Washington Post” хабар берди.

Жоржия, Миссисипи ва Вашингтон штатларида кеча, 12 март куни бўлиб ўтган бирламчи ички партиявий сайловлар натижаларига кўра, Байден номзодлик учун зарур бўлган 1968 дан ортиқ делегатнинг қўллаб-қувватлашига эришган.

Худди шу куни Гавайи штатида ҳам праймеризлар бўлиб ўтди, бироқ уларнинг натижалари ҳозирча эълон қилинмади.

"Сайловчилар энди бу мамлакатнинг келажагини ҳал қилиши керак: биз демократиямизни ҳимоя қилиш учун курашамизми ёки бошқалар уни йўқ қилишга рухсат берамизми?" дейди Байден Жоржияда натижалар эълон қилинганидан кейин.

АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп ҳам Жоржия, Миссисипи ва Вашингтонда Республикачилар партиясининг праймеризларида ғалаба қозонди. Бу унга Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиши учун зарур бўлган 1215 делегатни олиш имконини берди.

Маълумот учун, Республикачилар ёки Демократлар партияларидан АҚШ президентлигига номзод бўлиш учун, аввало, ички партиявий праймеризларда ғалаба қозониш керак. Расмий равишда олий давлат лавозимига номзодлар ёзда ҳар икки партиянинг қурултойларида аниқланади. 2024 йилги президентлик сайловлари 5 ноябрга белгиланган. 

Эслатиб ўтамиз, Трампнинг Республикачилар партиясидаги сўнгги жиддий рақиби, БМТнинг собиқ элчиси ва Жанубий Каролина штатининг собиқ губернатори Никки Хейли бир неча кун аввал пойгадан чиқиб кетган эди.

Мадина Отабоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Трамп Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг