Трампнинг республикачилар орасидаги сўнгги рақиби ҳам президентлик пойгасидан чиқди
Олам
−
07 Март
4316АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси ва Жанубий Каролинанинг собиқ губернатори Никки Хейли Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун курашдан чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Никки Хейли АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампнинг Республикачилар партиясидаги сўнгги рақиби эди.
“Кампаниямни тўхтатиш вақти келди. Мен ҳеч нарсадан афсусланмайман”, дейди Никки Хейли тарафдорлари билан суҳбатда.
“Reuters” агентлигининг қайд этишича, Никки Хейлининг президентлик пойгасидан чиқиши Дональд Трампнинг бўлажак сайловларда амалдаги Президент Жо Байден билан “реванш”да Республикачилар партиясидан номзод бўлишини кафолатлайди.
Хейли ўзининг қисқа нутқида тарафдорларини собиқ президентга овоз беришга ундамади.
Маълумот учун, 5 ноябрь куни АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Унда асосий номзодлар собиқ президент Дональд Трамп ва амалдаги давлат раҳбари Жо Байден мамлакатдаги энг юқори лавозим учун курашади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 март куни АҚШнинг 15 штати ва бир орол ҳудудида Демократлар ва Республикачилар партияларининг праймеризларида АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден ва мамлакатнинг собиқ раҳбари Дональд Трамп деярли барча овозларни қўлга киритганди.
LiveБарчаси