АҚШдаги савдо марказида отишма содир бўлди. Қурбонлар бор
Олам
−
04 июл 1595 2 дақиқа
АҚШнинг Мичиган штати Дирборн шаҳридаги Fairlane Town Center савдо марказида содир бўлган отишма оқибатида икки киши ҳалок бўлди, яна бир киши жароҳат олди. Бу ҳақда ABC News хабар қилди.
Дастлабки маълумотларга қараганда, ҳодиса кеча, 3 июль куни маҳаллий вақт билан соат 13:30 атрофида юз берган. Воқеа жойига етиб борган ҳуқуқ-тартибот идоралари уч нафар ўқ теккан жабрланувчини аниқлаган.
Дирборн полицияси бошлиғи Исса Шаҳиннинг айтишича, қурбонлардан бири воқеа жойида, иккинчиси эса шифохонада вафот этган. Жароҳатланган учинчи шахсга эса тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Полиция маълумотига кўра, отишма тасодифий ҳужум бўлмаган, можаро савдо марказида бир-бирини таниган икки гуруҳ ўртасида юзага келган ва жанжал қуролли тўқнашувга айланган.
“Бундай зўравонлик ҳолатларини мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Инсон ҳаётига зомин бўлиш катта фожиа”, дейди Шаҳин.
Унинг сўзларига кўра, воқеага алоқадор шахслар асосан ўсмирликнинг охири ёки йигирма ёшлардаги ёшлар бўлган. Тергов давомида ҳодисага алоқадор бир неча киши сўроқ қилинмоқда. Полиция отишмада тўппончалардан фойдаланилганини маълум қилган, бироқ можаронинг аниқ сабаби ҳозирча аниқланмаган.
Айни пайтда ҳеч ким ҳибсга олинмаган ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа юзасидан терговни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июнь куни Германия шимолидаги Штаде шаҳрида жойлашган Ёшлар ижтимоий таъминоти муассасасида содир бўлган отишма оқибатида 5 киши ҳалок бўлганди.
Live
Барчаси