АҚШда туғилган чет элликларнинг фуқаролик олиш ҳуқуқи бекор қилинади – Трамп
Олам
−
09 Декабрь
4065АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 2025 йилнинг январида лавозимга киришганидан сўнг дарҳол АҚШда туғилган хорижликларнинг фарзандлари фуқаролик ҳуқуқини бекор қилиш режасини эълон қилди. Бу ҳақда Трамп кеча, 8 декабрь куни NBC News телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
"Биз буни тўхтатишимиз керак. Бу кулгили", дейди Трамп.
У Америка Конституциясининг 14-тузатилишида назарда тутилган ушбу қоидани қандай қилиб аниқ бекор қилмоқчи эканлигини тушунтирмади ва агар имкони бўлса, буни "ижроия ҳаракати орқали" қилишини айтди.
Бироқ Дональд Трамп АҚШга болалигида кириб келган ноқонуний муҳожирларнинг мамлакатда қолишига рухсат берувчи қонунларни қабул қилиш учун демократлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.
Трамп аввалги президентлик даврида ҳам худди шундай режалар ҳақида маълум қилган эди. Америкалик ҳуқуқшунос, Building Democracy Foundation раҳбари Игорь Слабихнинг фикрича, АҚШ Конституциясини ўзгартириш тартиби шу қадар узоқ ва мураккабки, Трамп ўз режасини амалга оширишга улгуриши даргумон.
У Конгресснинг ҳар икки палатаси томонидан маъқулланиши, шунингдек, штатларнинг учдан икки қисми томонидан ратификация қилиниши керак.
АҚШ Конституциясига киритилган 14-тузатиш мамлакатда туғилган ҳар бир киши фуқаролигини белгилайди. У 1868 йилда фуқаролар урушидан кейинги кенг кўламли ислоҳотларнинг бир қисми сифатида қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дональд Трамп ўзининг Оқ уйдаги илк иш кунида иммиграция қонунчилигини кучайтириш ва Жо Байденнинг асосий муҳожирларни қабул қилиш дастурларини тугатишга қаратилган бир қатор чораларни амалга ошириши кутилаётгани хабар қилинганди. Шунингдек, у АҚШ тарихидаги энг йирик мигрантлар депортациясини амалга оширмоқчилигини айтганди.
LiveБарчаси