АҚШда Трампга тегишли бўлган бино портлатилди (видео)

Олам

Кеча, 17 февраль куни Атлантик Сити шаҳридаги АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампга тегишли бўлган 39 қаватли казино-меҳмонхона биноси бузиб ташланди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

2014 йилда фаолиятини тўхтатган казинода ўз вақтида машҳур киноюлдузлари, спортчи ва ишбилармонлар вақтичоғлик қилган. Аммо бино бугунга келиб, нураб, тўкила бошлаганди.

Эрталаб соат 9:00 лар атрофида 3 мингта динамит портлатилиши бинони ларзага келтирган ва иншоот 20 сонияда қулаган. Ундан қолган вайроналар 8 қават баландликка тенг. Уларни 10 июнга қадар олиб ташлаш режа қилинган.

Яқин келажакда казино-меҳмонхона мажмуасининг қўшимча қисмлари, шу жумладан маъмурий ва қўшимча бинолар оғир ускуналар ёрдамида бузилади. Бунда портловчи моддадан фойдаланилмайди.

1984 йилда очилган Trump Plaza бир мунча вақт давомида Атлантика-Сити шаҳридаги энг муваффақиятли казино бўлган. Собиқ Президент казинони бошқа миллиардер Карл Айканга сотган, у 2016 йилда Трампнинг қолган икки казиносни ҳам сотиб олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп

Баҳолаганлар

942

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг