АҚШда 300 дан ортиқ жанубий кореялик мигрант ушланди 

Олам

image

Кеча, 5 сентябрь куни АҚШнинг Жоржия штатида жойлашган Hyundai электромобиль аккумуляторлари ишлаб чиқариш заводида Миграция хизмати томонидан ўтказилган рейд давомида 300 дан ортиқ Жанубий Корея фуқаролари қўлга олинди. Бу ҳақда бугун, 6 сентябрь куни Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг маълумотларига кўра, рейд давомида жами 475 нафар хорижлик ушланган. Уларнинг асосий қисми Жанубий Корея фуқаролари бўлиб, ушбу рейд охирги 20 йил ичида энг йирик операция бўлган. 

CNN телеканалига кўра, компания вакиллари қўлга олинганларнинг ҳеч бири Hyundai’нинг бевосита ходими эмаслигини таъкидлаган. 

“Hyundai компанияси ўзи фаолият юритаётган барча бозорларда қонун ва тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилади. Бу меҳнатга қабул қилиш жараёнида ходимларни текшириш талаблари ва иммиграция қонунларига амал қилишни ҳам ўз ичига олади”, дея баёнот берган компания. 

Жанубий Корея ҳукумати эса бу операция чоғида, асосан, ўз фуқаролари нишонга олинганидан “жиддий хавотир ва афсус” билдирган. 

Шу пайтгача АҚШда мигрантларга қарши кўплаб рейдлар ўтказилган, бироқ Жанубий Корея фуқаролари илгари бошқа мамлакат вакиллари билан солиштирганда камроқ қўлга олинарди.

АҚШ иммиграция ва божхона полицияси маълумотларига кўра, 2023 йил 30 сентябрдан 2024 йил 30 сентябргача бўлган 12 ой ичида атиги 46 нафар Жанубий Корея фуқароси АҚШдан депортация қилинган. Шу даврда турли миллатлардан 270 мингдан ортиқ чет эллик мамлакатдан чиқариб юборилган.

Қайд этиш жоиз, Трамп президентликка қайтиши биланоқ мигрантлар масаласига алоҳида эътибор қаратди. У Америкада катта "тозалаш" ўтказиб келмоқда. Трамп мамлакатдаги ноқонуний мигрантларга қарши курашни бошлагач, уларнинг сони деярли бир миллионга камайгани бунинг яққол исботидир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳукумати 30 нафардан 60 нaфаргача Россия фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборганди. Депортация қилинганлар орасида сиёсий бошпана сўраган ва Россияда қочқинликда айбланаётган собиқ ҳарбий ҳам бўлган. Улар АҚШдаги иммиграцион қамоқхоналарда сақланиб, судларда ютқазган ёки ихтиёрий равишда ватанга қайтишни танлаган шахслар экани билдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ мигрант Жанубий Корея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг