АҚШ ядровий авиаташувчиси савдо кемаси билан тўқнашди

Олам

image

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли ядро реакторида ишловчи USS Harry S. Truman авиаташувчиси Ўртаер денгизида – Миср яқинида “Бешикташ-М” савдо кемаси билан тўқнашди. Бу ҳақда АҚШ Ҳарбий-денгиз флоти вакилига таяниб, CNN хабар берди. 

Тўқнашув сабаблари ҳозирча номаълум, аммо флот вакилининг сўзларига кўра, ҳодиса USS Harry S. Truman бортига сув чиқишига олиб келмаган ва унинг ядро тизимига зарар етмаган. Ҳозирча иккала кемада ҳам жабрланганлар борлиги ҳақида маълумот йўқ, бироқ Панама байроғи остида сузувчи “Бешикташ-М” маълум даражада шикастлангани хабар қилинмоқда.

Ҳодиса юзасидан тергов бошланган бўлиб, тўқнашув тафсилотлари аниқланмоқда. Маълумки, воқеа содир бўлган ҳудуд юк кемаларининг юқори ҳаракати билан тавсифланади. Ҳодиса пайтида ушбу минтақада тахминан 100 та кема бўлган, бу эса мураккаб навигация шароитини юзага келтирган. “Бешикташ-М” Сувайш каналидан ўтиб, Руминияга қараб ҳаракатланаётган бўлса, USS Harry S. Truman ҳам канал томон йўл олаётган бўлган.

Денгиз ишлари бўйича эксперт Сэл Меркольянонинг сўзларига кўра, ушбу ҳудудда манёвр қилиш имконияти чекланган. У бундай тор денгиз бўғозларида ҳар қандай навигацион хато оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари собиқ капитани Карл Шустер эса бундай шароитда кемаларнинг ҳаракат учун жойи жуда оз бўлиши, нотўғри баҳоланган қарорлар эса тўқнашув эҳтимолини кескин ошириши мумкинлигини айтган.

Бунгача USS Harry S. Truman икки ой давом этган ҳарбий операциялардан сўнг Грециянинг Суда кўрфазида техник тўхташ амалга оширган. Ушбу операциялар давомида у Ямандаги ҳусийларга ҳамда Сомалида ИШИД гуруҳига қарши авиацион зарбалар берган. 

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари маълумотларига кўра, USS Harry S. Truman АҚШ флотидаги 11 та авиаташувчидан бири бўлиб, у одатда эсминец ва бошқа ҳарбий кемалардан иборат зарба гуруҳлари томонидан ҳимояланади. 

Экспертларнинг фикрича, ҳарбий кемалар ва савдо кемалари ўртасидаги бундай тўқнашувлар жуда кам учрайди, чунки авиаташувчилар одатда яхши мувофиқлаштирилган зарба гуруҳлари таркибида ҳаракатланади. Бироқ Сувайш каналидан ўтиш қоидаларига кўра, барча кемалар фақат навбат билан ҳаракатланиши лозим, бу эса уларни тўқнашув эҳтимоли юқори бўлган ҳолатга юзлаштиради.

Маълумот учун, шу каби ҳодиса АҚШ ҳарбий флоти тарихида илгари ҳам содир бўлган. 2004 йилда Форс кўрфазида елканли Dhau номли кема USS John F. Kennedy авиаташувчиси билан тўқнашган.

Бундан ташқари, 2017 йилда АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли иккита эсминец ҳалокатли тўқнашувларга учраган – USS Fitzgerald 2017 йил июнь ойида Японияга яқин ҳудудда юк кемаси билан тўқнашиб, 7 нафар ҳарбий ҳалок бўлган. USS John S. McCain 2017 йил август ойида Сингапур ва Малайзия яқинида танкер билан тўқнашиб, 10 ҳарбий ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг “Урса Майор” юк кемаси Ўртаер денгизида Испания ва Жазоир ўртасида чўкиб кетган эди. Россиянинг “Урса Майор” юк кемаси Ўртаер денгизида Испаниянинг Агилас ва Жазоирнинг Оран шаҳри оралиғида чўкиб кетган эди. Кема бортидаги 16 денгизчидан 14 нафари Картагена портига олиб кетилган. Яна иккитаси бедарак йўқолган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ кема Ўртаер денгизи ядровий авиаташувчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг